Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қрим-Конго геморрагик иситмаси Ғузорда 2 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилди

Қрим-Конго геморрагик иситмаси Ғузорда 2 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилди

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 4 ёшли бола номаълум касалликдан вафот этгани ҳақида хабар тарқалганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан касалликка чалинган 6 ёшли қизча ҳам вафот этади. 

Кейинчалик бу икки боланинг ўлимига геморрагик иситма касаллиги сабаб бўлгани айтилди. 

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги  хизматининг Ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бош мутахассиси Умир Мирзаев ўша ҳодиса ва бунга сабаб бўлган Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ҳақида маълумот берди.

– Икки гўдакнинг вафоти ачинарли ҳол. Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги вирус қўзғатадиган, каналар орқали трансмиссив йўл билан юқадиган, табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ушбу касаллик вирусининг сақловчиси ва ташувчилари ҳисобланади. Шу ўринда касаллик асосан, фаолияти чўл ҳудудлари, чўпон, уларнинг оила аъзолари, мол боқувчилар, овчилар, қўйлар жунини қирқимига вақтинчалик ишга жалб этилганларда учрашини алоҳида таъкидламоқчи эдим. Геморрагик иситма мавсумийлик хусусиятига эга бўлиб, асосан  йилнинг баҳор ва ёз фаслларида  қайд этилади. Касалликдаги бундай мавсумийлик каналарнинг фаоллиги билан бевосита боғлиқ бўлади. Бу касаллик асосан 80 фоиздан кўпроғи 20 – 60 ёшдаги эркакларда учрайди.

Касаллик табиий шароитда ўзида геморрагик иситма вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва қўлларни кана қони билан ифлосланиши натижасида одамларга юқади. Яна бир хавфли томони – бу ҚКГИ билан оғриган  беморнинг қони орқали ҳам гемоконтакт йўл билан соғлом одамга юқади. Касалликнинг яширин даври ўртача 2 – 3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларгача қисқаради ёки 14 кунгача чўзилади.

Касаллик ўткир бошланиб, тана ҳароратининг кўтарилиши (39 – 40 ºС), юз, бўйин, кўкрак қисми териларининг қизариши, баданнинг совуқ қотиб қалтираши, мушакларнинг оғриши, тошма тошиши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши, инъекция жойларида қон қуйилишлар каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзида касаллик оғир кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилади. Яна бир жиҳат мазкур касаллик геморрагик белгиларсиз шаклда ҳам кечиши мумкин.  Касалликнинг бу шаклида баданда тошмалар тошмайди, қон талашлар кузатилмайди, органларлардан қон кетмайди, касаллик асосан иситма ва интоксикация аломатлари билан кечади. Бундай беморлардан лаборатория текшируви учун қон олиш ҳамда тери бутунлиги бузилиши билан кечадиган муолажаларни амалга ошириш жараёнларида эпидемияга қарши талабларга риоя қилмаслик натижасида тиббиёт ходимларига касаллик юқиши мумкин.

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигининг ўчоғида Ғузор туманидаги «Эскибоғ» МФЙ, Эскибоғ қишлоғида эпидемия ва профтилактик чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. Жумладан, Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 30 нафар тибиёт ходими тиббий кузатувга олинган, уларнинг гемоконтактда бўлган 22 нафаридан жорий йилнинг 26 июнь куни қон таҳлиллари олинди. Таҳлиллар Республика Вирусология илмий-текшириш институти вирусология лабораториясига ПЦР ва ИФА усулларида текшириш максадида олиб келинган. Лабораториянинг хулосасига кўра уларнинг ПЦР ва ИФА усуллари текширув натижалари ҚКГИ касаллигига «манфий» бўлган. Тиббиёт ходимлари томонидан уйма-уй юриб, аҳоли ўртасида Қрим-Конго геморагик иситма касаллигининг профилактикаси бўйича кенг тарғибот, тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Номаълум каналар тарқалганлиги тўғрисидаги гап-сўзлар асоссиз. Республикамизнинг бир нечта вилоятларида каналарнинг табиий ўчоқлари мавжуд. Олимлар иксод каналарини сувсиз ва озуқасиз 20 йилдан ортиқ яшаши мумкинлигини аниқлаган. Эски молхоналар, девор кавакларида яширинган каналар об-ҳавонинг серёмғир келиши ва ҳаво ҳароратининг бирдан қаттиқ исиб кетиши натижасида ҳаракатга келади. Шу сабабли молхоналарда  вақти-вақти билан креолиннинг 3 фоизли ишчи эритмалари билан дезинсекция ишлари ўтказиб турилиши керак.

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигидан сақланиш учун қуйидагиларга риоя қилиш тавсия этилади:

  • баданга кана ёпишганлиги аниқланса, яқин жойлашган тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш керак;
  • каналарни қўл билан эзиб, қайчи билан кесиб ўлдирмаслик, қирқим мавсумига ёш болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни жалб этмаслик, сут соғиш жараёнида сигирлардан канани қўл билан олмаслик;
  • канани устки қисмига 1 томчи ўсимлик мойи томизилса кана ўлади;
  • чорвачилик билан шуғулланадиган аҳоли йилига 2 марта дезинсекция ишларини амалга ошириши керак;
  • эски молхоналарда вақти-вақти билан таъмирлаш ишларини олиб бориш керак;
  • қирқим вақтида фақат махсус ҳимоя кийимлардан (қўлқоп, енг ва почалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этик) фойдаланиш, шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш керак.

Юқоридаги қоидаларга қатъий амал қилсак, касалликнинг олдини олиш чора-тадбирларини бошқаларга ҳам тушинтирсангиз ўзимиз ва атрофдагиларнинг соғлигини ҳимоя қилган бўламиз, — дейди мутахассис.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг