Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбек адабиётининг Чингизи кетди» – зиёлилар куни кеча вафот этган адибни хотирламоқда

«Ўзбек адабиётининг Чингизи кетди» – зиёлилар куни кеча вафот этган адибни хотирламоқда

25 июль куни таниқли ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Луқмон Бўрихон 58 ёшида вафот этди.

Зиёлилар ижтимоий тармоқ орқали марҳумни хотирлаб, унинг ҳақига хайрли дуолар қилмоқда.

«Дўст, устоз, беғубор инсон, Аллоҳнинг суйимли бандаси Луқмон Бўрихон... Ундан яхши хотиралар, асарлар, забардаст фарзандлар қолди. Алвидо, яхши одам! Дийдор қиёматга қолди!» – деб ёзди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов.

«Ишонгинг келмайди! Айни ақли тўлган, сермаҳсул ижод қилаётган бир даврда-я... Яқиндагина китобларининг тақдимотини ўтказгандик. Режалари бир олам эди. Луқмон Бўрихон камтарин, ўзига хос ижодкор эди. Аллоҳ раҳмат қилсин укамизни! Дилбар суҳбатлар, беназир асарлар ёдгор бўлиб қолди», – деб ёзди шоир ва журналист Амирқул Карим.

«Бугун ҳаётда топган энг яхши одамимдан айрилдим. Ҳам ака, ҳам дўст, ҳам устоз эди. 1996 йилнинг куз ойларида «Газетный корпус»нинг коридоридан топгандим бу одамни! Шу кундан бошлаб бирор кун ажралмадик. Луқмон ака жуда беғубор эди. Шу қадар беғубор эдики, ҳазил қилиб устидан кулсам, ўзи ҳам менга қўшилиб кетарди... Дўстлар, одамнинг ёши ўтган сари ер устидан кўра ер остида танишлари кўпайиб бораркан. Бугун яна бир дўст, истеъдодли ёзувчи, ўзбек адабиётининг Чингизи кетди», – дея кўнгил кечинмалари билан бўлишди шоир Алишер Назар.

«Ёзувчи Луқмон ака Бўрихон билан бироз ишлаш насиб қилган. Марҳум «Катта фиқҳ энциклопедияси»нинг асосий муҳаррирларидан эдилар. Сокин, табассумли ва мўмин инсон сифатида ёдда қолганлар. Аллоҳ Луқмон аканинг гуноҳларини мағфират қилсин! Раҳматига дохил қилсин! Ҳақларига дуонгиздан умидворман», – дея марҳумни ёдга олди таниқли уламо Мубашшир Аҳмад.

«Содда табассумлари кўз ўнгимда турибди. Қандай тоза, тиниқ, малолсиз инсон эдилар-а! Руҳлари оромда бўлсин», – дея битик қолдирди шоира Гулжамол Асқарова.

«Воҳ, дўстим-а... Биздан рози бўлинг, дийдор қиёматга қолди. Нима дейин... куйиб кетяпман...» – дея таъзия изҳор этди ёзувчи Қўчқор Норқобил.

«Ҳали Собир Ўнардан ажралиб қолганимизга кўнгиллар кўниккани йўқ, энди Луқмон Бўрихон... Жойингиз жаннатларнинг тўридан бўлсин, эшон бобо!» – деб ёзди Гулнора Раҳмонова.

«Юраги тоза, ҳазилкаш, шогирдсевар эдилар. Шунчалик ғанимат эканлар, ғафлатда қолибмиз...» – деб ҳамдардлик билдирди шоира Наргиза Асадова.

«Жуда ажойиб, камтар инсон эдилар. Луқмон ака билан бор-йўғи икки марта кўришганмиз... Эшитиб очиғи ларзага келдим. Наҳотки буюклар жимгина тарк этади!» – дея надомат чекди Дилшод Хурсанов.

«Хизр кўрган йигит бизларни жазирамада қолдириб кетди... Юрагим ёниб кетяпти...» – деб ёзди шоир Муҳиддин Абдусамад марҳум адибнинг машҳур асарларига ишора қилиб.

«Ҳаёт ўта бешафқат!.. «Ёшлик» журналида биринчи дебютимиз бирга нашр этилганди... Кейинчалик, адабиётдан дарс берганимда ҳозирги адабий жараённинг йирик намояндаси сифатида Луқмон Бўрихон асарларини талабаларим билан ўқиб таҳлиллар қилганмиз. Орамизда одамлар ҳар доим бордек, ёнимиздадек. Аслида ҳар бир кун, ҳар бир дам, ҳар бир одам ғанимат!» – дея қадрлашга ундади шоира ва депутат Гулбаҳор Саид Ғани.

Луқмон Бўрихон 1965 йили Қашқадарё вилояти Ғузор туманида туғилган. 1986-1991 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олган. 1991 йили «Чўлпон» нашриётида «Ялангоёқ» деб номланган илк ҳикоялар тўплами нашр этилган. 2005 йилда чоп этилган «Жазирамадаги одамлар» романи муаллифни забардаст адиб сифатида танитган. «Сирли муаллим», «Хизр кўрган йигит», «Темирйўл», «Тун қаъридаги шуъла», «Олов тутган одам», «Бегоналар юрмас бу ерда», «Сокин дарё» каби роман, қисса ва ҳикоялардан иборат китоблари чоп этилди. Ёзувчининг буюк аллома, ақоид илми устози Абу Мансур Мотуридий ҳаётидан нақл қилувчи «Имом Мотуридий» романи ҳам катта эътироф қозонган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг