Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистонда ЛГБТ ташвиқотини қатъий тақиқлаш таклиф қилинмоқда

Қозоғистонда ЛГБТ ташвиқотини қатъий тақиқлаш таклиф қилинмоқда

Депутат Ардақ Назаров.

2023 йил 12 апрель куни Қозоғистон Республикаси парламенти қуйи палатасининг ялпи мажлисида парламент депутати Ардақ Назаров бош вазир ўринбосари Альтай Кулгиновга сўров юборди, деб хабар қилмоқда «Zakon.kz».

Ардақ Назаров Қозоғистонда ЛГБТ ташвиқотини тақиқлашни таклиф қилди.

«Биз кутиб ўтирмаслигимиз ва зудлик билан ёшларимиз тарбияси билан шуғулланишимиз керак. Кеча майдонда ЛГБТ байроғини кўтариб чиққан болалар биз учун бегона эмас. Улар ҳам бизнинг фарзандларимиз. Ҳалигача нима яхши, нима ёмон эканлигини билишмайди. Биз буни хотиржам қабул қила олмаймиз. Эпидемия аллақачон бошланган, кейин афсусланмаслик учун уни ҳозир илдизини суғиришимиз керак », — деди у 8 апрель куни Остонада бўлиб ўтган феминистлар паради ҳақида гапириб.

Шу муносабат билан парламент аъзоси зудлик билан қуйидаги чораларни кўришни сўради:

  • митингга келган болаларнинг ота-оналаридан жавоб олиш;
  • миллий маданиятга мос келмайдиган фильм ва сериалларни барча платформаларда, жумладан, ижтимоий тармоқларда намойиш этиш ва тарғиб қилишни тақиқлаш;
  • салбий тенденцияларни тарғиб қилувчи манбалардан ҳимоя қилувчи қонунчилик нормаларини ишлаб чиқиш ва парламент муҳокамасига киритиш;
  • Қозоғистон таълим муассасаларида миллий қадриятлар, анъаналар ва маданиятни тарғиб қилиш бўйича дарслар ўтказиш.

«Умуман олганда, сўнгги пайтларда мамлакат ахборот майдонида бир жинсли никоҳлар, гомосексуализм, жинсни ўзгартириш каби масалалар эркин тарғиб қилинмоқда. Бу бизнинг тушунчамизга зид эканини ҳаммамиз биламиз. Бунинг ортида Ғарбнинг халқаро ташкилотлари турибди. Энг ёмони, ҳозирда Остона, Олмаота каби йирик шаҳарлардаги хусусий мактабларда гейлар ташвиқоти жуда фаол тарғиб қилинмоқда, буни ўқувчиларимизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам кўриш мумкин», дейди Ардақ Назаров.

Депутат «жамият мана шу касалликка чалинганини» афсус билан таъкидлайди.

«Вазият оғирлашмагунча,  чораларни кўриш керак. Ишончим комил, ушбу депутатлик сўрови эълон қилинганидан кейин ижтимоий тармоқларда қарама-қарши фикрлар пайдо бўлади. Мен уларга айтаман: эртага, масалан, ўғлингиз келин ўрнига гейни олиб келса ёки қизингиз уйга аёлни етаклаб келса, толерант бўлиб уларга оқ фотиҳа берасизми? Бу албатта катта фожиа. Оилада шундай ҳолат бўлса, ким чидайди?», дейди у.

Унинг фикрича, ЛГБТ мафкураси қозоқ халқининг кўп асрлик анъаналари ва миллий қадриятларини йўқ қилишга қаратилган.

Қозоғистонда болалар ва ўсмирлар ўртасида ТикТок ижтимоий тармоғини тақиқлаш ҳам таклиф этилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг