Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон россиялик сиёсатчиларни “қора рўйхат”га киритди

Қозоғистон россиялик сиёсатчиларни “қора рўйхат”га киритди

Қозоғистон ҳукумати Россия Давлат думасининг тўрт нафар амалдаги аъзоси ҳамда бир нафар собиқ депутатни мамлакат ҳудудига киришини тақиқлади. Бу ҳақда Deutsche Welle ҳукуматдаги манбаларига таяниб хабар берди.

Остонанинг “қора рўйхат”ига Давлат думаси вице-спикери Пётр Толстой, Давлат думаси қўмита раиси ўринбосари Вячеслав Никонов, иқтидордаги “Единая Россия” партиясидан сайланган депутатлар – Евгений Фёдоров ва Константин Затулин, шунингдек, “Россотрудничество” раҳбари ва собиқ депутат Евгений Примаков каби шахслар киритилган. Улар Қозоғистон Республикаси ҳамда унинг раҳбариятига нисбатан ҳақоратомуз ва душманона фикр билдирган.

Вице-спикер Пётр Толстой аввалроқ Россия учун Украинадан кейин Қозоғистон муаммо бўлишини айтган ва Қозоғистонни ўз тарихини тўқиб чиқаришда айблаган эди.

2020 йил декабрь ойида Давлат думасининг илм-фан ва таълим қўмитаси раиси Вячеслав Никонов 1-телеканалнинг “Большая игра” дастурида Қозоғистон деган давлат мавжуд бўлмаган дея баёнот берганди. “Қозоғистон ҳудуди Россия ҳамда Совет иттифоқи томонидан берилган катта совғадир”, – дея иддао қилганди у.

Депутат ва “Единая Россия” партияси Марказий кенгаши аъзоси Евгений Фёдоров эса собиқ Иттифоқ давлатлари суверенитетини шубҳа остига олганди. Унинг даъвосига кўра, СССР республикаларининг ҳар бири Иттифоқ таркибидан ноқонуний равишда чиққан ва шу сабабли эртами-кечми Россия билан қуролли зиддиятга боради.

Фёдоров, шунингдек, ҳамкасби В.Никоновнинг баҳсли фикрини қўллаб-қувватлаб, Қозоғистон раҳбариятидан Олмаота шаҳрини Россияга қайтаришни талаб қилган эди.

Константин Затулин эса Россия томонидан босиб олинган Донецк ва Луганск ҳудудларини алоҳида республика сифатида тан олишдан бош тортгани важидан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевни танқид қилганди.

Марказий Осиё давлатларининг суверен мақомга эга эканини ёддан кўтарган Затулин минтақа мамлакатларининг ташқи сиёсий муносабатларига ҳам аралашишга урингани маълум.

Deutsche Welle нашрига кўра, россиялик пропагандачилар Тина Канделаки ва Тигран Кеосаян, сиёсатшунос Никита Мендкович, “рус дунёси” мафкурасининг асосчиси Александр Дугин, тарихчи Андрей Грозин ҳам Қозоғистонда исталмаган шахслар рўйхатига тиркалган.

Аввал хабар берганимиздек, Украина урушини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилиб келаётган Тигран Кеосаян YouTube каналида Қозоғистон шаънига номақбул сўзлар айтган эди. Россия пропагандасининг яловбардорларидан саналган журналист жазавали чиқишида бошқа постсовет республикаларига ҳам таҳдидомуз огоҳлантириш йўллаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг