Қўшмачилик билан шуғулланиб келган аёл «мижоз»ининг қайнонасини дўппослади
Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида қўшмачилик жиноятини содир этиб, «муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат» эҳтиёт чораси қўлланилган аёлга ушбу жиноятни такроран содир этгани учун 2 йилу 8 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди судьяси Бобораҳим Очилов хабар бермоқда.
Суд ҳужжатларига кўра, асли Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида туғилган 38 ёшли аёл Сожида Бекова айни пайтда ўзи яшаб келаётган Ғиждувон туманидаги «Шарқ» маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйининг ётоқхонасида қўшмачилик жиноятини содир этган. У ҳамқишлоғи фуқаро Мустафо Машраповга ишқий муносабатда бўлиши учун аёл топиб беришини ва бунинг эвазига ундан ўз пластик картасига 200 000 сўм пул ўтказиб беришини билдирган.
Суд ишида аниқланишича, Сожида Бекова аввалдан фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик жиноятларини содир қилиш ҳатти-ҳаракатлари билан шуғулланиб келган. Бу жиноятини давом эттирган ҳолда ўзига аввалдан таниш бўлган 32 ёшли аёл Мавжуда Жамиловага «таклиф» билдирган. Мавжуда ихтиёрий рози бўлган. Шундан сўнг Сожида ўз мижозларига жинсий алоқа қилишлари учун қулай шароит яратиб берган. Ўзи эса уйининг ошхонасидан кутиб турган.
Орадан чамаси, икки соатларча вақт ўтган. Мавжуда фуқаро Мустафодан «ўз хизмати» эвазига 100 минг сўм ундирган. Шундан сўнг Мавжуда Мустафо билан бирга Сожиданинг яшаш уйидан чиқиб кетаётган худди шу вақтда тўсатдан ўзининг қайнукаси Акмал Авезов подъезднинг олдида улар билан тўқнаш келиб қолган.
Саросимада қолган Мавжуда фуқаро Мустафо билан «Матиз» русумли йўналишли таксида воқеа жойидан қочиб кетишга уринган. Акмал эса уларни ушлаб олган. Акмал олдиндан Сожиданинг «оғизга тушган» аёл экани ҳақида билгани учун ҳам акасининг хотинини сўроққа тутган. Мавжуда уйдаги пичоқларни устахонага олиб бориш учун йўл-йўлакай Сожиданинг уйига кириб ўтаётганини билдирган. Бу орада фуқаро Мустафо ўз автомашинасида воқеа жойидан қочиб қолган. Акмал эса Мавжудани ушлаб туриб, онаси ва акасига қўнғироқ қилган ва уларнинг зудлик билан воқеа жойига етиб келишини сўраган.
«Сожида Бекова жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, қўшмачилик жиноятини содир этган бўлса-да, Мавжуданинг қайнонаси фуқаро Салима Ҳалимовани ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган. «Келининг соғ бўлса, югуриб келармиди, янганг биринчи марта келмаяпти, айб мендами»-дея жаҳлланган. Ва Салима аяни дўппослаб кетган. Унинг баданининг тўғри келган жойларига қўллари билан қасддан бир неча маротаба урган. Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, «пешона, иккала қош, бурун қирраси, ўнг лунж соҳасидаги қонталаш» каби соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тан жароҳати етказиб, безорилик жиноятини содир қилган. Шунингдек ҳодиса жойида бўлган Акмални ножўя сўзлар билан ҳақоратлаган. Суд унинг бу жиноий ҳаракатлари ЖК 277-моддаси 3-қисмининг «а,г» бандалари билан нотўғри квалификация қилинган, деб ҳисоблайди»,— дейди судья Бобораҳим Очилов.
Бундан илгари ҳам муносиб ҳулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат ёзиб, унга нисбатан эҳтиёт чораси қўлланилган Сожида Бекова ўз ҳатти-ҳаракатларини тан олмаган. Суд мажлисида сўроқ қилинган Мустафо эса Сожиданинг унга қўнғироқ қилиб, жинсий алоқа қилиши учун қиз топганини, агар у билан шуни хоҳласа, пластик картасига 200.000 сўм миқдорида пул ташлаб беришини сўрагани ва унинг пластик картасига пул ташлаб берганини гапирган. Ва Мавжуда Жамилова билан жинсий алоқада бўлиб, унинг қўлига ҳам 100.000 сўм пул бергани ҳақида кўрсатув берган.
«Судланувчи Сожида Бекова ҳолат очиқлангач, ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 131-моддасининг (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 2-қисми ва 277-моддаси (Безорилик) 2-қисмининг «в» бандида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли, деб топилди. Бундан ташқари, унинг ҳатти-ҳаракатларига Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 2 йил 8 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилди»,— деди Бобораҳим Очилов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter