Қиз-жувонларни «пуллаш» билан шуғулланган аёл қамалди
«Опа, қизим бетоб, илтимос, аввал пулни беринг, кейин навбатдаги шартларингизни ҳам бажараман...», деган Н.Ш.нинг илтижолари ҳавода қолди.
Шахсни эксплуатация қилиш мақсадида аёлларни фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этиш «илми»ни яхшигина ўзлаштирган 29 ёшли Г.И.нинг юраги ўз қаршисида кўз ёш тўкиб турган ёш жувонга ҳам ачинмади. Ўз хонадонида ташкил этган фоҳишахонасида Н.Ш.ни кетма-кет икки мижоз билан хуфёна ишқий муносабатга киришишга мажбурлаган. Кейин эса Н.Ш.ни ярим ялонғоч ҳолда ювиниш хонасидан чиқаётганида суратга олиб, агар унинг айтганларини бажармаган тақдирда ушбу суратларни оила аъзоларига юбориш билан қўрқитган. Эридан ажралгач, ота-онасининг уйига қайтган Н.Ш. ака-укалари ва янгаларининг олдида шарманда бўлишдан чўчиб, Г.И.нинг шартларига кўниб келган.
«Менинг «мижоз»ларим «ишим» учун неча сўм тўлашларидан хабарим бўлмаган. Г.И. ҳар бир мижоздан менга «ана, сенинг ҳақинг» дея 50 минг ёки 100 минг сўм берарди. Мен шармандаликдан қўрқиб, унинг шартларига кўнишга мажбур бўлганман», — деган суд мажлисида Н.Ш.
Н.Ш.нинг сўзига кўра, турмуши бузилиб, ота-онасининг уйига қайтгач, урса-ўпоқ, турса-сўпоқ бўлган. Бир нафар вояга етмаган фарзандининг даволаниши учун пул тополмай, анча қийналган. Янгаларининг қийин-қистови билан ижара уйга чиқиб кетишига тўғри келган. У ижара уй излаб, Ғиждувон туманидан Бухоро шаҳрига қараб йўлга тушган. Таксига чиққач, ҳайдовчига етарлича пули йўқлигини айтиб тушунтирган. Ушбу таксида Г.И. ҳам бўлган ва қаршисида турмушидан эзилиб турган аёлни «ўлжа»сига айлантирган. «Айни муддао. Мен ижарачи излаб юргандим...» — дея алдаб, Н.Ш.ни 100 минг сўм миқдоридаги пул билан ҳам авраган. Бегона аёлдан саховат кўрган Н.Ш. ўша дақиқадан бошлаб, ўзи билмаган ҳолда унга тобе бўлиб қолган.
Суд ҳужжатларига кўра, Н.Ш. қўшмачиликда «пишган» Г.И.нинг биринчи ўлжаси бўлмаган. У бундан илгари ҳам кўплаб ғиждувонлик ва шофирконлик қиз, жувонларни алдаган, пуллаган. Моддий жиҳатдан қийналган аёлларни номуайян доирадаги жинсий шериклар билан шаҳвоний муносабатларга киришишидан муттасил фойдаланиб келган. Қиз-жувонларни сотиш эвазига шахси аниқ ва аниқ бўлмаган эркакларни шаҳвоний мақсадларда ёллаб, уларнинг ҳар биридан турли миқдордаги пулларни ундириб келган.
Айрим қизларнинг соғлиги ёмонлашган пайтида ҳам шафқатни унутган. Аёлларни ўз таъсири остида уларнинг эркига хилоф равишда ҳар қандай иш ёки хизматни бажаришга мажбур қилган. Бироқ, суд жараёнида бир нечта қизлар бундай «иш»га ўз ихтиёрлари билан рози бўлганликларини ҳам билдиришган.
«Г.И.нинг хатти-ҳаракатлари изчил ўрганилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг турли моддалари билан айбдор, деб топилиб, икки йили икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У суд ҳукми ўқиб эшиттирилгач, суд залидан қамоққа олинди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди», — дейди Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди раиси Бобур Умаров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter