Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қўшиқчи Санжайнинг «иши» судга оширилди

Қўшиқчи Санжайнинг «иши» судга оширилди

Қўшиқчи Санжайга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди ва тегишлилиги бўйича судга юборилган. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги хабар берди.

Қайд этилишча, Санжай тахаллуси билан ижод қилувчи хонанда Джавбердиев Санжар «Гулбадан», «Атиргулим атрингни соч», «Карвон» номли қўшиқ ва шеърларни  муаллифларнинг розилигисиз, асар яхлитлигининг бузган ҳолда ижро этгани сабабли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига ариза келиб тушган.

Маълум бўлишича, хонанда Джавбердиев Санжар қўшиқ муаллифи –Ўзбекистон ҳалқ артисти Шерали Жўраев ҳамда шеърлар муаллифи – Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимовдан ҳеч қандай розилик олмасдан ва улар билан шартнома тузмасдан қўшиқ аслини ўзгартирган ҳолда ижро этиб келган.

Бу эса Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятининг Ўзбекистон ҳалқ артисти Шерали Жўраев ва муаллиф Усмон Азимовнинг ишончли вакили сифатида хонанда Джавбердиев Санжарга «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунни бузганлиги учун чора кўриш юзасидан ариза билан мурожаат қилишига сабаб бўлган.

«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонун 18-моддасига кўра, асар (қўшиқ)ни омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади.

«Аммо бизнинг ҳолатимизда бунинг акси бўлгани туфайли қўшиқларга бўлган муаллифлик ҳуқуқи жиддий равишда бузилган. Натижада Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 177(1)-моддасининг биринчи қисмида белгиланган асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш ҳолатлари мавжуд деб ҳисобланиб, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди ва тегишлилиги бўйича судга юборилди», дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг