Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қоровулхонага тушдингиз». ОТМларда қабул жараёнининг бориши танқид қилинди

«Қоровулхонага тушдингиз». ОТМларда қабул жараёнининг бориши танқид қилинди

Иллюстратив фото

Бугун, 4 июль куни олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов раҳбарлигида ОТМларда қабул жараёнларининг бориши масалаларига бағишлаб видеоконференция тарзида ўтказилган  йиғилиш танқидий руҳда ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Унда ОТМлар ректорлари ва филиаллар директорлари, ўқув ишлари бўйича проректорлар, ўқув-услубий бошқарма бошлиқлари, қабул бўйича масъул котиблар, магистратурага қабул бўйича масъул ходимлар иштирок этди.

Дастлаб охирги пайтда ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик эътиборига етказилган ОТМлар (НамДУ, СамДАҚИ, БухМТИ, Нукус ДПИ, СамДУ, ТДЎТАУ, ЎзДЖТСУ) ходимлари томонидан содир этилган коррупциявий ҳолатлар танқидий муҳокама қилинди.

Бу масалада ректорлар, таълим муассасасидаги маънавий-ахлоқий муҳит учун масъул бўлган проректорлар фаолиятига салбий баҳо берилди.

Ходимни ишга қабул қилишда унинг аввалги фаолияти, шахсий индивидуал-психологик хусусиятлари етарли даражада ўрганилмаганлиги шундай ҳолатларни келтириб чиқараётган асосий омиллардан бири эканлиги таъкидланди.

Бундай ходимнинг илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланмасдан, йиллар давомида ассистент, катта ўқитувчи лавозимида ишлашининг ўзи кишини ўйлантириш керак: унинг мақсади нима, илмий-педагогик фаолиятга лаёқати борми деган саволларга ҳар бир раҳбар жавоб излаши зарур.

Шунингдек, яна бир аҳоли томонидан норозиликлар келтириб чиқараётган муаммоли масала – call-марказлар фаолияти танқидий кўриб чиқилди.

Бугун (4 июль куни) соат 9:00 дан 12:00 гача бўлган вақтда вазирлик ходимлари томонидан ОТМларда ташкил этилган Call-марказларига ўрганиш учун қўнғироқ қилинганда АнДУ, ТДШУ, ТошДЎТАУ, ЎзХИА, ЎзХА, МРДИ, ТКТИ Янгиер филиали, ТДИУ, ТАТУ Самарқанд филиали, СамВМИ Тошкент филиали, БухТИда қўнғироқларга жавоб берилмаган бўлса, Қорақалпоқ тиббиёт институти ходимлари «Қоровулхонага тушдингиз» деб жавоб берган.

Call-марказга тажрибали ва масъулиятли ходимлар бириктириш белгиланган. Аммо берилган саволларга баъзи олий таълим муассасаларидан тўлиқ жавоб олинмади ва айрим ОТМларда берилган оддий саволларга ҳам жавоб бериш ўрнига сансалорликка йўл қўйилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ёки Давлат тест марказига қўнғироқ қилишни  маслаҳат бериш билан чекланмоқда.

Бундай ҳолатлар ТДПУ, ЎзМУ, ТМИ, СамДТИ, ТАҚИ, НукДПИ, ТошДСИ, СамДУ, СамДЧТИ, СамИСИ, ЎзЖОКУ, ТошДТУ Олмалиқ филиали, НавДКИ Нукус филиаларида кузатилди.

Зарурат бўлса, фаолияти талаб даражасида ташкил қилинмаётган сall-марказларга ўқув ишлари проректорларини, масъул котибларни доимий бириктириб қўйиш топширилган.

Тегишли ОТМлари раҳбарлари охирги марта огоҳлантирилиб, жамоатчилик эътирозларини келтириб чиқарётган омиллар сабабларини аниқлаш ва юқорида қайд этилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди. Сall-марказлар фаолиятини бундай «сирли қўнғироқ» усулида ўрганиш ва баҳо бериш ишлари узлуксиз амалга оширилиши таъкидлаб ўтилди, — дейилади вазирлик ахборотида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг