Қўқондаги «Берлин девори»... У кўчани ким ва нега тўсди?

Қўқон шаҳридаги «Сунбула» маҳалласининг Янги авлод, Байналмилал жангчилар, Ёрий кўчаларида яшовчилар, яъни «Буюк ипак йўли» ва «Ризқ барака» бозорлари орқасида жойлашган учта кўча аҳолиси ишчи гуруҳ кириши билан уларга гурра ташланди. Бири қўйиб бири арзу додини баён қилишга тушди.
Айтишларича, кўчаларга 2013 йилда янги бозор қурилган вақтда девор тортилган ва аҳолига ноқулайликлар туғдирмоқда. Илгари улар ўз уйларида қонуний асосда тадбиркорлик қилишган ва яхши даромад топиб рўзғор тебратишган. Эндиликда бундай имкониятдан маҳрум бўлиб қолишди.
— Мен 2012 йилда «Мўътабар фазилат» хусусий корхонамни очган эдим, — дейди корхона раҳбари Назарова Муҳайё тушкунлик билан. — Бир ярим йил гулдай ишлади. Уйда 9 хил овқат — шўрва, палов, кўча оши, чучвара, лағмон, манти, табака, тушонка ва кабоб пишириб, эрталаб соат 5 дан кечки 16 гача ишлардик. Мингтача, баъзи кунлари бир ярим минг одам кириб овқатланиб кетарди. Мен, турмуш ўртоғим, икки ўғлим ва келинларим, битта ошпаз, иккита кабобпаз, битта чойхоначи, иккита идиш ювувчи, учта официант, битта хамир қорувчи, жами 16 та одам иш билан таъминланган эдик. Уларнинг ҳар бирига ўша вақтда кунига 20 мингдан ҳақ берардим. Давлатга ҳам солиқларни вақтида тўлаб борардим. Бу уч кўчада менга ўхшаш ўттизтача тадбиркор бор эди. Нима бўлди-ю, 2014 йилда бир кунда бекитиб юборишди.

— Нега беркитишди?
— 2013 йил охирида «Буюк ипак йўли» бозори таъмирланган чоғда, биздан сўраб ўтирмай, бозорчиларни худди шу учта кўчага савдо қилиш учун киритишган эди, — дея суҳбатга қўшилади Байналмилал жангчилар кўчаси 4-уйда яшовчи Муҳаббат Баратова. — Мен патент асосида уйим ичи ва атрофидан автомобиллар қўйиш жойи сифатида фойдаланиб даромад олардим. 14 тагача қўярдим. Давлатга ойига 260 минг сўм тўлардим. Кунимиз ўтиб турарди-да. 7 ойда бозор битди. Дўконлар қимматлиги учун сотувчилар уни олмади. Бизга шу кўча тинч деб туришди. Оқибатда бозор маъмурияти тушумсиз қолди. Айбдор эса кўча бўлди. Емаган сомсага пул тўладик. Деворни бекитсак, муаммо ҳал бўлади деб бизни асосий йўлдан узиб ташлашди. Йўлни бекитманглар десак, таёқли милицияни автобуси билан келтириб қўрқитишди.
— Хўш, девор ўзи қандай муаммо туғдирмоқда? Катта бозор ҳудудидаги тайинли-бетайин одамлардан кўчангизни ҳимоя қилмаяптими? Чип-чиройли, текисгина экан. Кўриниши яхши-ку?
— Ҳеч яхши эмас, — дея суҳбатимизга қўшилади шу кўчадаги 10-уйда яшовчи Насиба Абдуллаева. — Учта маҳалланинг 78 та хонадони аҳли ўн метр наридаги бозорга ўтиш учун бир ярим чақирим йўл босишга мажбур бўлмоқда. Ёки 33-мактабга бориш учун аввал 500 метр йўл босган бўлсак, энди болаларимиз икки чақирим айланиб юришибди. Аҳолига қийинчилик бўлди. Деворни қуриш бўйича қарорнинг ўзи йўқ. Шаҳарнинг собиқ ҳокими Акбар Абдуллаев кўчага келиб, девор қурилишига бош-қош бўлган. «Ҳоким бува, бу нимаси ўзи, уруш бўлаяптими, девор тортасиз кўчага?» дедик. Бу ишлар ҳаммаси вақтинча, тез орада деворни бузамиз, лекин аввал қуриб олишимиз керак. Кўп пул топиб семирдиларинг, унгача сал ўзларингизга келиб оласиз деб масхара қилди. Девор тортилди-ю, кўчалардаги 50 тача хонадон тирикчилик манбаидан маҳрум бўлди.

— Айниқса, менга ёмон бўлди, — деб яна суҳбатга қўшилади собиқ «Мўътабар фазилат» хусусий корхонаси раҳбари Назарова Муҳайё. — 16 киши ишсиз қолди. 15 минг доллар қарзга кирдик. Оқибатда турмуш ўртоғим Юсуфжон Назаров ва ўғлим Рустам Назаров ишлаш учун 2016 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрига ишлашга кетишди ва қаттиқ қийналиб юришибди. Ўша воқеалардан менда қанд касали пайдо бўлди. Касалманд бўлиб қолдим. Келинларим эса ишсиз. Битта ўғлим бозорда сотувчи, тирикчилик шунинг зиммасида.
Нима, бозор махфий ҳудудми ёки аҳолидан ажратилиб қўриқланадиган махсус жойми? Бунинг устига аҳолининг уйлари жойлашган кўча бозор ҳудудидан ташқарида-ку. Халқнинг унга ёндош катта кўчага чиқиш имконияти нега чекланмоқда? Аҳоли истаги ва иродасига қарши қандай девор тортиш мумкин? Қўшни Тожикистон ва Қирғизистон билан чегаралар очилаётган бир пайтда нима учун Қўқон шаҳри мутасаддилари учта кўча тўсиб қўйилган деворни очишмайди? Уни замонавий шаклда темир панжарадан қилган ҳолда ўртасидан одамлар ўтиб-қайтиши учун эшик очиб қўйиш мумкин эмасми?
Мақолани тайёрлаш асносида, яъни 21 апрель куни Янги авлод кўчасидаги девордан кичик эшик очилгани маълум бўлди... Навбатдаги кўчаларда эса ўзгаришлар ҳозирча кузатилмади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter