Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қўқон «пединститут»ида қизлар ётоқхонасига яширин камера ўрнатишди. Ректорат антиқа «важ»ларни келтиряпти

Қўқон «пединститут»ида қизлар ётоқхонасига яширин камера ўрнатишди. Ректорат антиқа «важ»ларни келтиряпти

Қўқон педагогика институти ётоқхонасида яшовчи талаба қизларнинг хонасига яширин камера ўрнатишди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги берган маълумотга кўра, бу ҳақда талаба қизлар 4 апрел куни вазирликка шикоят қилишган.

Воқеадан хабардор ОАВларнинг ёзишича, олийгоҳ ётоқхонаси масъуллари 1 апрел, шанба куни қизларга хоналарини очиб беришни Wi-Fi симларини текширмоқчилигини айтган ва эшик очилгач қизларни усталарга халақит берманглар деган баҳона билан олиб чиқиб кетишган. Қизлар эса уларнинг пичир-пичиридан шубҳаланишган ва усталар ишни тугатгач, уйларига кетишган. Душанба куни эса қизлар хона бурчагига ўрнатилган қутичадан шубҳаланиб очиб кўрганда уни ушлаб турган бурама михларнинг бири ўрнида камера объективи турганини кўришган ва ечиб олиб мутахассисга кўрсатишган. Мутахассис эса мазкур мосламани яширин камера эканини ва овоз ва тасвирни масофадан узатишга ҳам мўлжалланганини айтган.
Қизлар бу ҳақда институт ректорига ва проректорига айтиб, улардан қўполлик билан билдирилган муносабатни олишган. Талабаларнинг билдиришича, кемерада бўлган 128 Гб хотира картасида душанба куни қизларнинг уйдан келиб, кийимларни алмаштиргани ҳам муҳрланган.

Вазирлик мазкур ҳолат ўз тасдиғини топганини, воқеа юзасидан хизмат текшируви ўтказилишини ва айбдорларга тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.

Ўз навбатида Қўқон педагогика институти ректорига тегишли расмий телеграм канал ҳолатга антиқа баҳо бермоқда.

Унда айтилишича, аввало камера ўрнатиш институт ректорининг буйруғи бўлган.

Бундан кўзланган мақсад «талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш, уларнинг руҳий ҳолатларини барқарорлаштириш ҳамда ўқиш жараёнидаги стресс ҳолатларини олдини олиш бўйича махсус хона ташкил этиш» бўлган.

Шу сабаб ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари талабалар ўз уйига кетишларини ҳисобга олиб хонани шанба куни жиҳозлаш бошланган.

Лекин бу ҳолат ҳақида талабалар ўз вақтида огоҳлантирилмаган. Натижада бу англашилмовчилик юз берган.

Аммо, ректорат яширин камера билан талаба қизларнинг руҳий ҳолатини қай тарзда муолажа қилишларини, махсус хона ташкил қилишда юқори турувчи органларини хабардор қилгани ёки йўқлигини очиқламайди. Умуман олганда эса юқоридаги шармандали хатти-ҳаракатлари билан талабаларининг шахсий дахлсизлигини қўпол равишда бузаётганини изоҳламайди.

Ушбу масалага бефарқ бўлмаган ижтимоий фаоллари талаба қизларнинг таълимларини хавфсиз давом эттиришлари учун ҳам бу каби номаъқулчиликларга панжа ортидан қараш ёки биргина «узр» билан лавозимида қолдиришни адолатсизлик деб қарашмоқда.

Вазирлик ҳолатни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузилганини айтган, воқеалар ривожини кузатамиз...  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг