Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қонунга зид изоҳлар учун ОАВ ва блогер жавобгарми? Қарор лойиҳасида нималар назарда тутилган?

Қонунга зид изоҳлар учун ОАВ ва блогер жавобгарми? Қарор лойиҳасида нималар назарда тутилган?

Ўтган йили «энди ОАВ ва блогерлар қолдирилган комментлар учун ҳам жавобгар бўлади» деган хабарлар тарқалган ва бу жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Бу бўйича ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам ўзининг каналида муносабат билдирганди.

Шундан сўнг, АОКАда 60 дан ортиқ журналист ва блогерларни йиғиб, мазкур қарор лойиҳаси муҳокама қилинган эди. Учрашувда медиа соҳа вакиллари бир қатор таклифларини ва бу қарор бўйича ўзларининг хавотирларини билдиришганди.

Олинган маълумотларга кўра, ўша лойиҳа 23 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг 807-сонли қарори билан тасдиқланибди, аниқроғи, мавжуд қарорга тегишли ўзгариш киритилибди.

Қарорда нималар назарда тутилмоқда?

Энг аввало, муштарийлар томонидан қолдирилган коммент учун ОАВ ва блогерлар жавобгар бўлади, деган қоида йўқ. Гап фақат Ўзбекистон қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш ҳақида кетмоқда.

Хабарнома юбориш тартиби қандай бўлади?

— Айтайлик қайсидир ОАВ ёки блогернинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига кимдир қонунга зид комментарий (терроризм, диний ёки миллий адоват, жиноятчиликка даъват, ҳақорат ва шу кабиларга оид) қолдирди.

— Агар комментлар жуда кўп бўлса, буни ОАВ ёки блогер доимий назорат қила олмайди. Шу сабабли кўрмай қолган комменти учун жавоб бермайди. Бу мантиқан ҳам тўғри.

— Бундай комментни АОКАнинг Мониторинг маркази аниқласа, унда ОАВ ёки блогерга электрон равишда скриншотлари билан хабарнома юборади.

— Унда ОАВ ёки блогердан хабарномани олгандан кейин (изоҳ қолдирилгандан кейин эмас) 24 соат ичида ўша комментни ўчириш сўралади.

— ОАВ ёки блогер ўша комментни ўчиради.

— Аммо бир муҳим жойи, мазкур хабарнома ОАВ ёки блогерга албатта ўша комментни ўчириш мажбуриятини юкламайди. Бу ўз номи билан хабарнома холос. Яъни хоҳласа ўчиради, агар хоҳласа, аниқроқ айтганда, бу коммент қонунга зид эмас, деб ҳисобласа, ўчирмаслиги ҳам мумкин. Унда нима бўлади? Унда АОКА агар лозим топса, судга мурожаат қилиши мумкин.

Ҳуқуқшуноснинг таъкидлашича, ўчириш мажбуриятини фақат суд белгилай олади. Бошқа органлар эмас. Ҳуқуқий давлатларда фақат суд охирги сўзни айтиши керак ва бу қоида мазкур қарорда ҳам акс этгани қувонарли.

«Шу мавзу бўйича аввал ҳам айтгандим, менимча, ўзини ҳурмат қилган ОАВ ёки блогерлар шундоқ ҳам қонунга зид  материалларни, изоҳларни эълон қилиш мумкин эмаслигини яхши билишади ва буни кўрган заҳоти ҳеч бир хабарномасиз ҳам ўчиришади. Чунки сўз эркинлиги — бу қонун доирасида исталган фикрни айта олиш дегани, қонунни ва ўзгалар ҳуқуқларини бузган ҳолда айтилган сўзлар, эркинлик бўлмаса керак», — деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг