Қўнғиротда 7 кун ичида мингдан ортиқ муаммолар аниқланди
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимлари жорий йилнинг 16-30 август кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш юзасидан тузилган Республика ишчи гуруҳининг бошқа аъзолари билан ҳамкорликда 18-23 август кунлари Қўнғирот туманидаги Қорақалпоғистон, Жаслик, Бўстон, Туран, Навоий, Қўнғирот МФЙларида уйма-уй юриб, мингдан ортиқ муаммолар мавжудлигини аниқлашди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ишчи гуруҳ томонидан кўтарилган муаммоларни жойида бартараф қилиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Масалан, хонадонларга ташриф давомида жорий йилнинг 18 август куни Қўнғирот тумани, Бўстон МФЙ, Ўзбекистон кўчаси, 143-уйда яшовчи фуқаро Козикаев Адилхоннинг набираси Адилханов Туйлибой 2018 йил май ойида Миллий банкнинг Қўнғирот туман филиалига «истеъмол кредити» олиш масаласида тегишли ҳужжатлар топширганлиги, бироқ ҳозирги кунга қадар кредит ажратилмаётганлигини, ушбу масалада амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.
Мазкур мурожаат адлия органлари томонидан ўрганилиб, тегишли амалий ёрдам берилди ва жорий йилнинг 20 август куни Миллий банкнинг Қўнғирот тумани филиали томонидан фуқарога «истеъмол кредити» ажратиб берилди.
Шунингдек, Адлия ходимлари томонидан Қўнғирот тумани Бўстон маҳалласи, Низомий кўчаси, 10-уйда яшовчи фуқаро Сапарбаева Айгул Янгибаевнанинг хонодонига борилганда, А.Сапарбаева эри ва иккита қайнакаси жами 4 киши яшаб келаётганлиги, яшаш шароити оғир аҳволда эканлиги, 1955 йилда туғилган қайнакаси (63 ёшда) Есбергенов Аскербага қуйилган ташхис асосида ногиронликка чиқаришда ҳамда 1956 йилда туғилган (62 ёшда) қайнакаси Есбергенов Қунғиротбайга паспорти олиб бериш учун бир неча маротаба тегишли идораларга мурожаат қилганлиги, бироқ шу кунга қадар Қ.Есбергенов паспортсиз яшаб келаётганлиги, ушбу масалаларда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.
Мазкур ҳолат адлия органлари томнидан кўтарилган муаммони бартараф этиш юзасидан тегишли идоралар билан иш олиб борилди ва фуқаро А.Сапарбаеванинг моддий ёрдам ажратиш, А.Есбергеновга ногиронлик нафақасини тайинлаш ва Қ.Есбергеновга фуқаролик паспортини бериш масалаларини ҳал қилиш бўйича амалий чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, Бўстон МФЙдаги хонадонларга ташриф давомида 22 август куни Қўнғирот тумани, Бўстон МФЙ, Низомий кўчасида яшовчи фуқаро С.Соҳиева 3 ёшга тўлган фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш масаласида амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати адлия органлари томонидан ўрганилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди ва фарзандини Қўнғирот тумани, Темирйўл МФЙда жойлашган 8-сон мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш чоралари кўрилди.
Шу каби, хонадонларга ташриф давомида 22 август Қўнғирот тумани, «Бўстон» МФЙ, М.Улуғбек кўчаси, 5-қатор, 11-уйда яшовчи фуқаро Жуманов Тажибай жисмоний нуқсонлиги ҳамда касаллиги туфайли ўзига тегишли нафақа пулини олиш учун келинига ишончнома расмийлаштириб беришда амалий ёрдам беришни сўраган.
Ушбу мурожаатга асосан адлия органлари ходимлари томонидан жорий йилнинг 23 август куни фуқаронинг хонадонига ташриф буюрилди ва фуқаро Т.Жуманов номидан келини А.Тоқсанбаева номига бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қўнғирот тумани бўлими томонидан тўланадиган нафақа пулларини олишга ва имзо қўйишга ҳамда ушбу ваколатни бажариш билан боғлиқ барча ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги ишончнома Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 331-моддасига асосан давлат божидан озод этилиб, бепул расмийлаштириб берилди.
Ҳудди шундай ҳолат, Бўстон МФЙ, М.Улуғбек кўчаси, 1-қатор, 4-уйда яшовчи фуқаро З.Алмуханова ва О.Альмуханов ҳамда 4-қатор, 5-уйда яшовчи фуқаро К.Айтбаевларнинг мурожаатларига асосан пенсия олиш учун тегишли ишончномалар расмийлаштирилиб берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter