Қишлоқларда камида 200 та квартирали макромассивлар қурилади
«Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент Фармони қабул қилингани ҳақида хабар бергандик.
Фармонга кўра, қишлоқ жойларда:
- кўп квартирали уй-жойлар қурилиши камида 200 та квартирани ўз ичига олган макромассивлар шаклида жойлаштирилади;
- ушбу уй-жойлар қурилишини амалга оширувчи тадбиркорлар танлов савдолари якунларига кўра аниқланади;
- уй-жой қуриш учун ер участкалари танлов ғолиби бўлган тадбиркорларга электрон аукцион савдоларисиз бепул берилади.
Шаҳар жойларда эса, кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун ер участкалари тадбиркорларга пуллик асосда «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасидаги электрон аукцион орқали амалга оширилади.
Молия вазирлигидан ажратилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредити бирламчи бозордаги квартираларни сотиб олиш учун 15 йил муддатга берилади.
Бунда, кредит:
- қишлоқ жойларда – уй-жой ҳисобланган қийматининг 90 фоизидан ошмайдиган миқдорда ва дастлабки бадал сотиб олинадиган квартира қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
- шаҳарларда – уй-жой ҳисобланган қийматининг 80 фоизидан ошмайдиган миқдорда ва дастлабки бадал сотиб олинадиган квартира қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда берилади.
Янги тартиб доирасида субсидиялар қишлоқ жойларда биринчи 5 йил давомида ипотека фоизларини қоплаш учун – 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.
Шаҳарларда эса:
- дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида;
- биринчи 5 йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун Тошкент шаҳрида – 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида – 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter