Қишки олимпия ўйинларининг 12 тимсоли

Сочи-2014 тимсолларидан бири
Бугунги кунга келиб олимпиада тимсоли унинг ажралмас қисмига айланиб қолган. Хоҳ ёзги, хоҳ қишки олимпия ўйинлари бўлсин, унда албатта камида битта рамзий тимсол қабул қилинади. Қишки олимпиадаларнинг илк тимсоли 1976 йилда Инсбрукда намойиш этилган...
Инсбрук-1976
Қизиқ, илк қишки олимпиада тимсоли – Олимпиямандл деб номланган қор бола 1976 йилда Инсбрукда намойиш этилган. Аслида АҚШнинг Денвер шаҳрида ўтказилиши лозим бўлган ўйинлар иқтисодий муаммолар туфайли Австрияга кўчирилган эди. Тимсолни тўлақонли қор бола дейиш қийин, гарчи унинг қўл-оёғи, сабзи-бурни бўлса-да, бор-йўғи битта қор юмалоғидан иборат эди. Шундай бўлса-да, «қутб бўғирсоғи»ни ташкилотчилар, спортчилар ва албатта ишқибозлар жуда яхши кўриб қолишди ва бу анъана кейинги олимпиадаларда ҳам давом этди.

Лейк-Плэсид-1980
Тўрт йил ўтиб, АҚШнинг кичиккина Лейк-Плэсид шаҳарчасида ўтказилган мусобақанинг ҳам ўз тимсоли бор эди. Ёқимтой чанғичи енот Рони ташкилотчилар учун ҳақиқий маркетинг топилмаси бўлди. Оммага намойиш этилгач, худди уники каби бошкийим ва кўзойнак савдоси жуда оммалашиб кетди. Дарвоқе, айтишларича, Ронининг ҳаётдаги прототипи Рокки олимпиада арафасида нобуд бўлган. Дизайнерлар унинг шарафига олимпиаданинг илк «жонли тимсол»ини яратишган.
Сараево-1984
Югославия олимпиадасидан олдин ташкилотчилар махсус танлов эълон қилишди. Гарчи финалга қор бўлаги, бурундуқ, тоғ эчкиси, жайра ва қўзичоқлар чиқишган бўлса-да, ғалабани деярли барча рассомларнинг асарларида тажовузкор ҳаракатлари ва салбий образи орқали танилган бўри илиб кетди.
Бўрининг номи маҳаллий тилда Вучко, яъни «бўривой» бўлиб, дизайнерлар олдида биргина вазифа — қаҳрамонни имкон қадар мулойим ва дўстпарвар қилиб кўрсатиш қолган эди. Ниҳоят, тўқ сариқ рангдаги шарфда жилмайиб турган бўри қиёфаси яратилди. Ўйинлар давомида худди дунё рекордини ўрнатган спортчилар каби шарф ва ўйинчоқлар савдоси ҳам барча рекордларни янгилаб ташлади.
Калгари-1988
1988 йилги Канада олимпиадасида илк бор бирваракайига иккита тимсол намойиш этилди. Қутб айиқлари Хайди ва Хоудилар маҳаллий афсонага кўра ажралмас ака-сингил бўлишган. Айиқчаларнинг ковбой либосида тасвирланиши ҳар йили Калгарида ўтказилган йирик кантри-фестиваллар билан боғлиқ. Ташкилотчилар қаҳрамонлар орқали бирдамлик руҳини бериш мақсадида инглизча ва ғарбий америкача саломлашиш «хай» ва «хоу»ларни танлаб олишган.
Албервил-1992
Тўрт йил ўтиб тимсол яна битта бўлиб қолди. Аввалига французлар Шамуа номли тоғ кийигини ўйлаб топишди. Бироқ у омма эътиборини қозона олмагач, ташкилотчилар мусобақа арафасида қаҳрамонни ўзгартиришга мажбур бўлишди. Янги тимсол Мэжик номли гном юлдуз шаклида бўлиб, рамзий равишда спортчиларнинг юлдузга интилишини кўрсатиб берарди.

Лиллехаммер-1994 тимсоли
Лиллехаммер-1994
Норвегиядаги олимпиада рамзлари сифатида илк бор инсонлар – норвегиялик афсонавий ака-сингиллар – Хокон ва Кристин танланган. Гарчи бу икки персонаж кўринишидаги ўйинчоқлар кўп минг нусхада сотилган бўлса-да, расмий маросимларда қаҳрамонлар ролини миллий либослардаги оддий ўғил-қизлар ижро этишган.
Нагано-1998
Наганода японлар барчани ҳайратда қолдириб, оз эмас-кўп эмас нақд тўртта тимсолни намойиш этишди. Ўйинлар бошланмасдан Окой номли оқ сувсарни таништирган ташкилотчилар кейинчалик уни тўртта бойўғли боласига алмаштиришди. Уларнинг умумий номи Сноулетс бўлиб, инглиз тилидан «қорли бойўғли» деб таржима қилса бўлади.
Бойўғли, яна тўртта! Бу шанчаки тасодиф эмас. Бойўғли донишмандлик рамзи саналади. Япон ташкилотчилари олимпия ўйинларини спортча донишмандликка қиёслашган. Тўрт рақами эса тўрт фасл – куз, қиш, баҳор, ёз. Олимпиада ҳам ҳар тўрт йилда ўтказилади... Қисқаси, барчаси мантиқий.
Солт-Лейк-Сити-2002
Солт-Лейк-Ситида навбатдаги олимпиадани ўтказган америкаликлар тимсоллар сони борасида бироз камтарроқ бўлишди – 3 та. Қуён, койот ва айиқнинг вужудга келишига қадимги юнон олимпиадасининг «тезроқ, баландроқ, кучлироқ» шиори ва тилдан-тилга кўчиб, бугунги кунгача етиб келган ҳиндулар афсонаси турки бўлгани айтилади.
Қаҳрамонларга ном беришда олимпиада шаҳрига энг асосий даромад келтирувчи маҳсулотлар порох (powder), мис (copper) ва кўмир (coal) танланган.
Турин-2006
2006 йилда Италиядаги ўйинлар учун жонсиз персонажлар Неве исмли қор қиз ва Глиц исмли муз бола танлаб олинди.

Ташкилотчилар ўз қаҳрамонлари учун қишки олимпиадаларда фойдаланиладиган сувнинг икки хил кўриниши қор ва музни танлашди. Натижада фигурали учиш спорти каби нафис ва майин қордан ясалган қизча ва конкида югуриш спорти каби кучли ва мақсадга эришувчан бола вужудга келди.
Ванкувер-2010
Ванкувер олимпиадаси тимсоллари сифатида ҳиндулар ривояти ва реал ҳаётдаги гибрид қаҳрамонлар Куатчи ва Мигалар намойиш этилди. Куатчи – барча билан дўстлашиш ва атроф-муҳитни тадқиқ қилишни ёқтирадиган тиниб-тинчимас йигитча. У ҳиндулар афсонасидаги Шимолий Америка ўрмонларида яшайдиган қор одам – «бигфут»ни эслатади. У машҳур хоккейчи бўлишни хоҳлайди. Иккинчи қаҳрамон миттигина, эпчил қизалоқ Мига эса ўзининг ташқи кўриниши билан қуруқликка чиқиб, айиқ кўринишига кирган ва шаҳар-қишлоқларни айланган денгиз айиғи – косатка ҳақидаги афсонани эслашга ундайди. Мига сноубординг билан шуғулланади.
Сочи-2014
Россияда бўлиб ўтган дастлабки қишки олимпия ўйинларида ҳам асосий қаҳрамонлар учта. Қизиқ жиҳати шуки, аввалига Россия президенти сайлови билан бир вақтнинг ўзида Сочи шаҳридаги сайлов участкаларида олимпиада тимсоли танлови ҳам ўтказилди. Олимпиада шаҳри аҳолиси чанғидаги делфинга кўпроқ овоз берган эди. Аммо ташкилотчилар уларнинг танловини қабул қилишмади. Умумхалқ танловига кўра энг кўп овозни қоплон, оқ айиқ ва қуён олди.

Пхенчхан-2018
Пхенчхан олимпиадаси тимсоли оқ йўлбарс – Сухоран корейс афсоналарига кўра ишонч, куч ва ҳимоя рамзидир. Sooho – ҳимоя, Rang – «ho-rang-i» (йўлбарс) сўзининг бир қисми. 1988 йилги Сеул олимпиадасининг рамзи ҳисобланган амур йўлбарсининг номи Ходори эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter