Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қирғизистон чегарачилари Ўзбекистон фуқаросига ўқ узиб, яралади

Қирғизистон чегарачилари Ўзбекистон фуқаросига ўқ узиб, яралади

Фото: «CA-News»

Қирғизистон чегарачилари Ўш вилояти, Араван туманидаги чегара ҳудудида Ўзбекистон фуқароларига ўқ узиб, улардан бирини яралади. Бу ҳақда 24.kg сайти ўз манбаларига таянган ҳолда хабар бериб ўтди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистоннинг бир неча фуқаролари автомобилда Қирғизистон ҳудудига ноқонуний кириб келган. Улар тўхташ ҳақидаги талабга бўйсунмасдан, қирғиз чегарачиларидан бирини автомобилда уриб кетишган. Шундан сўнг ҳарбийлар ўқ узган ва Ўзбекистон фуқароларидан бири белидан яраланган.

Қирғизистон чегара қўшинлари матбуот хизмати бу хабарни тасдиқлади. Унга кўра ҳодиса Араван туманидаги Тўққиз Булоқ ҳудудида рўй берган.

«Чегара наряди чегара яқинида Ўзбекистонга тегишли икки автомобилни кўрган. Ҳайдовчилар тўхташ ҳақидаги талабга бўйсунмаган. Чегарачилар аввалига огоҳлантириш мақсадида ҳавога ўқ узишган. Аммо машиналар ҳаракатда давом этгач ҳарбийлар қурол ишлатишган. Натижада ўзбекистонликлардан бири яраланган ва касалхонага юборилган», — дейилади баёнотда.

Матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, Қирғизистон чегара қўшинлари раиси ва Ўзбекистон чегара қўшинларига қўмондонлик қилувчи ДХХ раиси ўринбосари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган. Унга кўра ҳодиса бўлиб ўтган ҳудудга ҳар икки давлат чегара қўшинлари вакилларини юбориш ва биргаликда суриштирув ўтказишга келишиб олинган.

Айни вақтда Ўш вилоятида Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг