Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қирғиз-ўзбек чегара ўтиш пунктида 4 нафар ҳарбий қўлга олинди

Қирғиз-ўзбек чегара ўтиш пунктида 4 нафар ҳарбий қўлга олинди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус бўлинмалари томонидан Ўзбекистон билан чегара ҳудудида тўрт нафар ҳарбий қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 16 май куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизматининг «Қайтпас» ва «Ўтукчу» назорат-ўтказиш пунктларида тинтувлар ўтказиб, 4 нафар ҳарбий хизматчиларни қўлга олган. Улар чегара пунктида товламачилик билан шуғулланиб келган.

Қирғизистон MXX матбуот хизмати хабар беришича, Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 337-моддаси «Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш» бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида тинтув ўтказилган. Тинтув давомида ҳарбий хизматчилар олдиндан пора олгани маълум бўлган.

«Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг «Қайтпас» ва «Ўтукчу» назорат-ўтказиш пунктлари ҳарбий хизматчилари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, давлат хизмати манфаатларига зид равишда, ғаразли ниятларни кўзлаб, қонунга хилоф равишда моддий манфаат олиш мақсадида, назорат-ўтказиш пунктларидан ўтаётган одамларни умидсиз аҳволга солиб, Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегараси участкасидан тўсиқсиз ўтиш учун фуқаролардан тизимли равишда ноқонуний равишда 50 дан 1000 сом (тахминан, 6 мингдан 130 минг сўм) пул ундиришган», — дейилади хабарда.

Билдирилишича, ҳозирда Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 4 нафар ҳарбий хизматчиси қўлга олиниб, Боткен тумани ИИБ ҳузуридаги ТИВга жойлаштирилиб, уларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг