Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қайд этилмаганлар…

Қайд этилмаганлар…

Фото: «Oxo.uz»

ФҲДЁ органлари томонидан тизимли ўрганишлар натижасида туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажралиш, исм ва фамилияни ўзгартириш каби фуқаролик ҳолатини қайд этиш жараёнларида бир қатор камчиликлар аниқланди. Бугунги кунда мамлакатимизда минглаб болалар ва оилалар зарур давлат ҳужжатларисиз қолмоқда.

Мутахассислар фикрига кўра, ушбу ижтимоий муаммонинг келиб чиқишига бир неча сабаблар бор. Улар ичида — аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва маданияти даражаси етарли эмаслиги, олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудлар аҳолиси учун давлат хизматлари жойларга чиқиб кўрсатишнинг кенг ва тизимли амалиёти жорий этилмаганлиги. Бундай фуқароларга ФҲДЁ органларига бориш учун транспорт харажатлари сезиларли.

Ҳуқуқлари чекланган болалар

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома — ҳар бир инсон ҳаётида дастлабки расмий ҳужжат ҳисобланади. У фуқаролик паспорти каби боланинг шахсини тасдиқлайди.

Бу муҳим ҳужжатга эга бўлмаган ота-оналар фарзандининг манфаатларини ҳимоя қила олмайди. Ахир маънан, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлмаслик — расмий қайд этилмаганлик демакдир, бунингсиз эса — киши умуман мавжуд эмас деса ҳам бўлади. Бола исмидан бошқа ҳеч нарсага эга эмас, у ҳам бўлса ҳеч қаерда қайд этилмаган.

Гувоҳномасиз боғчага, мактабга жойлаштириб бўлмайди, давлат шифохоналарида эса касалга анкета очилмайди.

Масаланинг долзарблиги, шунингдек, эътибордан четда қолиб кетса келиб чиқиши мумкин бўлган ижтимоий оқибатлар инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон президенти томонидан «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилинди.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатда 2019 йил 1 июлга қадар республика бўйлаб тегишли тартибда қайд этилмаган туғилганлик ҳолатлари аниқланиши ва тўлиқ хатловдан ўтказилиши белгиланган. Жойлардаги давлат хизматлари марказлари ходимлари ҳам бу тадбирларда фаол қатнашмоқда. Уйма-уй юриш натижасида, бугунги кунда улар томонидан Конституция ва қонунларда белгиланган ҳақ-ҳуқуқларидан тўлалигича фойдалана олмаётган 4 мингдан зиёд болалар аниқланди.

«Бирорта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас» ва «Туғилганликнинг қайд этилиши — бола ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслигининг олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир» деган эзгу ғояларга амал қилган ҳолда 2 500 дан ортиқ кичик фуқароларимиз зарур ҳужжатга эга бўлишди.

Паспортида махсус белгисиз

Юқорида айтиб ўтилган норматив ҳужжатда белгиланган муаммолардан бири — узоқ муддат қайд этилмаган никоҳ билан яшаб келган оилаларни аниқлаш. Мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари аҳолиси, ҳуқуқий саводхонлик даражаси пастлиги туфайли, никоҳ ришталарини қонунийлаштириш муҳимлиги даражасини англамайди.

Расмий никоҳ — ўзида кўпроқ ижтимоий эмас, балки ҳуқуқий мақомни акс этади. Ахир тегишли рўйхатдан ўтмаган ҳолда, бирга 20 йил яшаб туриб, ўртада ўзаро фарзандлар бўлса-да, юридик нуқтаи назардан бу фуқаролар бир бирига бегона. Никоҳ туғрисидаги гувоҳнома билан биргаликда, турли ҳаётий ҳолатларда, кишида турмуш ўртоғининг ҳаёти ва соғлиғига тегишли қарор қабул қилиш, суд жараёнида унга қарши гувоҳлик қилмаслик, шунингдек, автоматик тарзда мерос ва оталикни тан олиш ҳуқуқлари берилади. Бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олиш, расмий никоҳда бўлган ҳолда унинг аксига кўра анча осон.

Бугунги кунда 2 266 та норасмий никоҳ билан яшаётган оилалар аниқланиб, уларнинг ярмидан ортиғи мазкур зарур ҳужжатни қўлга киритди.

Кутилаётган ечимлар

Юқорида таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб тегишли рўйхатдан ўтмаган оила ва болаларни аниқлашга йўналтирилган кенг қамровли акция бўлиб ўтмоқда. Кейинги йилнинг ўрталаригача бу каби ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни тўлиқ бартараф этиш режалаштирилган.

Ҳозирда мазкур хизматлар бепул кўрсатилаётганига, йиғим эса фақатгина давлат ҳужжатлари босилаётган махсус қоғоз учун ундирилаётганига қарамай, қарорда давлат божи ставкалари, герб йиғимларини ва ФҲДЁ органлари томонидан кўрсатиладиган пуллик хизмат тарифларини оптималлаштириш кўзда тутилган. Асосий мақсад —  ҳар бир инсон ҳаётидаги ҳужжатларни олиш фуқароларнинг молиявий аҳволига зарар етказмаслиги керак.

Ушбу соҳадаги яна бир янгилик — ФҲДЁ органлари билан электрон маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек туғилиш ва ўлим ҳақида ягона ноёб кодли унификацияланган электрон маълумотнома беришнинг тартибини жорий этиш. Бундан ташқари, 2019 йил 1 январдан бошлаб туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг қайд этилишида чақалоқларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) берилиш амалиётини йўлга қўйиш режалаштирилган. Ҳозирда ЖШ ШИР фуқаролик паспорти билан бирга берилади.

Давлат хизматлари агентлигининг АКТ бўлими мутахассислари аҳолига хизматларни кўрсатиш жараёнини максимал даражада соддалаштириш устида тинмай ишлаб келмоқдалар. Келгусида тезкор маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида соғлиқни сақлаш, ФҲДЁ ва давлат статистика органларининг электрон тизимларини интеграциялаш режалаштирилган. Мазкур жараён якунлангач, мамлакатимиз аҳолиси давлат хизматларини «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойили бўйича олишнинг қулайликларини ўзида ҳис этади.

Давлат хизматлари агентлиги

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг