Қатарда аёлларга армияда хизмат қилишга рухсат этилди
6 апрел куни Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний эркаклар учун мажбурий ҳарбий хизмат муддатини 3 ойдан 1 йилга узайтириш ҳақидаги қонунни имзолади. Ушбу қонунга кўра аёллар ихтиёрий равишда армия сафида хизмат қилишлари мумкин бўлади, дея хабар бермоқда Қатарнинг «QNA» агентлигига асосланиб «РИА Новости».
Янги қонунга кўра, мамлакат тарихида илк бора 18 ёшга тўлган аёллар армия сафида ихтиёрий равишда хизмат қилишлари мумкин.
Шунингдек, янги қонун армияга хизмат қилишдан бош тортган фуқаролар уч йилгача қамалади ва 50 қатар риоли (15 минг АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади. Қатарлик эркаклар 18 ёшга тўлганларидан кейин икки ой ичида ҳарбий хизматга боришлари лозим.
Бундан ташқари Қатарда ҳарбий академия ҳам ташкил этилади. Қатарнинг расмий «Ар Райи» газетасининг таъкидлашича, бундай қонуннинг қабул қилиниши ҳозирги мавжуд вазиятда жуда ҳам долзарб ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг июнь ойида Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатарни терроризмни қўллаб-қувватлашда айблаб, у билан барча турдаги алоқаларни уздилар. Доҳага қўйилган талаблар орасида, араб дунёсида машҳур «Ал Жазира» телеканалини ёпиш ҳам бор эди.
Дипломатик инқироз бошланганидан буён Қатар АҚШ, Франция, Италия ва Буюк Британия билан бир қатор йирик ҳарбий шартномалар имзолади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter