Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қашқадарёда 7 ойлик чақалоққа сирка ичирилди

Қашқадарёда 7 ойлик чақалоққа сирка ичирилди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида 7 ойлик чақалоқ эҳтиётсизлик натижасида сирка ичиб, реанимацияга тушиб қолди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, 7 февралда туғилган бемор И. Х. РШТЁИМ Қашқадарё филиали реанимация бўлимига 2023 йил 9 сентябрь куни соат 15:32 да оғир аҳволда олиб келинган.

Ота-онасининг сўзларига кўра, шу куни соат 12:00 лар атрофида назоратсизлик ва эҳтиётсизлик оқибатида гўдакка сувда эритилмаган юқори концентрацияли сирка кислотаси ичирилган. Оқибатда аҳволи оғирлашган гўдак, дастлаб Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмаси болалар шифохонасига келтирилган. Сўнг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалга юборилган.

Беморга: «Сирка кислотасидан ўткир заҳарланиш. Оғиз бўшлиғи, лаблари, ҳалқум, ҳиқилдоқ ва қизилўнгач шиллиқ қаватларининг 1-2 даражали кимёвий куйиши, токсик нефрит, токсик миокардит, токсик пневмония» ташхиси қўйилиб, реанимация бўлимига ётқизилган.

«Касалликнинг иккинчи суткасида юқори нафас йўллари куйиши натижасида юқори нафас йўллари стенози ва шиши ривожланиб, беморда нафас етишмовчилиги  3-даражаси  ва юрак қон-томир етишмовчилиги натижасида тўсатдан юрак тўхташи кузатилган. Интенсив реанимацион чоралар кўрилганидан сўнг юрак уриши тикланди ва бемор сунъий нафас аппаратига ўтказилди. Беморда стандарт асосида тўлиқ реанимацион чора-тадбирлар давом эттирилмоқда», – дейилади вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида.

Маълум қилинишича, ҳозирда вазият вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси назоратига олинган. Беморнинг аҳволи касалликни кечиши ва юзага келган асоратлар сабабли оғир аҳволда.

«Таъкидлаш зарурки, 7 ойлик чақалоқ учун ушбу ҳолат ўта оғир ҳисобланади. Бола организми ҳали бундай жароҳатни кўтариши қийин. Бемор тана ҳароратининг кўтарилиши токсик пневмония билан боғлиқ», – дейилган хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг