Қашқадарё вилояти ҳокими Xabar.uzда чиққан мактубга жавоб берди
Бир неча кун аввал сайтимизда «Ҳоким алмашди, лекин муаммолар қолди. Қашқадарёнинг янги раҳбари Мурод Азимовга мактуб» номли мақола эълон қилинган эди.
Вилоят раҳбари ушбу мурожаат тарзидаги хатга жавоб мактуби таҳририятимизга юборди. Қуйида жавоб матнини тўлиқ ҳолда ҳукмингизга ҳавола этамиз.
«Қадрли иним Улуғбекжон!
«Xabar.uz» сайтидаги мақолангизни катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Мен барча фасллар каби қишни ҳам яхши кўраман. Мен ҳам эрта тонгдан тиниқ сув билан ювиладиган катта кўчаларга эга иссиқ домларда туғилганим йўқ. Сиз айтгандек, қишлоқда улғайдим. Чанг кўчаларда униб-ўсдим, дарёлардан сув ичдим.
Сиз халқнинг дардини ўйлаб ёзган ва мени ҳам қийнайдиган ўша совуқ кунлар ҳақидаги мулоҳазаларингизга албатта бефарқ эмаслигинимни тушунишингизни истар эдим.
Менинг ҳам ниятим, Сиз орзиқиб ёзган Тошкентдаги кўчалар чароғонлиги, таомхоналар обод ва гавжумлиги, одамлар турли жойларда маданий ҳордиқ чиқараётганидек шароитларни Қашқадарё вилоятида ҳам яратишдир. Ўзим туғилиб ўсган воҳамга шу ниятларни мақсад қилиб келдим.
Дарҳақиқат, қилинадиган иш кўп, албатта, журналист ўлароқ мен билан маънан бирга бўлганингиз қанчалар яхши. Кўтарган муаммоларингиз мени ҳам жиддий ташвишга солиши рост ва уларнинг ечими фаолиятимизда устувор йўналишлардан бўлиб қолади.
Шу вақтга қадар бўлган электр узилишлари муаммосини мен келиб бирдан ҳал қилиб беришга ваъда бермайман. Чунки, бу комплекс ёндашувни ва вақтни талаб қиладиган масала. Аммо, ишончингиз комил бўлсинки, йил сайин вазиятни шубҳасиз, яхшилаймиз, трансформаторлар янгиланади, симёғочлар ўзгартирилади. Бу борада Президентимиз ҳамма тизимни босқичма-босқич яратиб бермоқдалар.
Ишсизлик муаммоси бўйича ҳам тизимли ёндашувларни ўйлаяпман. «Вилоятлар орасида биронтаси Қашқадарёчалик ўзининг энг салоҳиятли фарзандларини пойтахтга, чет элга бериб юбормаган бўлса керак», деган қарашингизга ҳам қаршилигим йўқ. Уларни қайтариб олиб келиш тўғри фикр эмаслигини таъкидлаган ҳолда, янги авлоднинг сизиб чиқишига йўл қўймаслик ҳақида жиддий бош қотиришимиз кераклигини ҳам чуқур англайман.
Тадбиркорлик қилишда бюрократия ва тўсиқларнинг кўплиги албатта, камайтирамиз, ишлаб чиқариш корхоналарини ҳам кўпайтириш истагидаман.
Коррупция, таълим тизими, иқтисодий тармоқларнинг кўрсаткичлари билан илк иш кунимданоқ шуғулланишни бошлаганман.
Албатта, барча инсонлар, жумладан Қашқадарё эли ҳам яхшироғига муносиб.
Дўстим Улуғбек, бир инсон у қанчалик интилмасин ва режа қилмасин, агар атрофида бутун жамоаси, минглаб қўллаб қувватловчи ҳайрихоҳ инсонлар бўлмаса, кутилган самарага эришиш қийин.
Вақтингиз бўлса, келинг. Эшигим журналистлар, блогерлар, юрагида аҳоли дардини жо этиб олган барча-барча инсонлар учун доим очиқ. Муҳтарам Президентимизнинг ўзлари айнан шундай очиқ ва халқчил сиёсат олиб бораётганлари биз учун ҳамиша ўрнак.
Албатта келинг, мен билан бир-икки кун ҳамроҳ бўлиб, иш фаолиятим билан танишинг ва муаммоларни биргаликда ҳал қилишга кўмаклашинг. Зеро, бу Ватан равнақи учун барчамиз бир куч ва бир мушт бўлиб ғайрату шижоатимизни сафарбар этайлик.
Сизга самимий дўстлик ҳурмати билан,
Муротжон Азимов, вилоят ҳокими».
P.S: Муротжон Азимов ҳокимлар ичида илк бор журналист очиқ хатига тезкор жавоб қайтарган раҳбарга айланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter