«Қамоқдан Кремлга!» – Путинга яқин тадбиркорнинг парда ортидаги фаолияти
Украина уруши давомида Россия президенти Владимир Путиннинг дўсти Евгений Пригожиннинг сиёсий нуфузи кескин ошгани кузатилди. Тадбиркор асос солган «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати Украина босқинида фаол қатнашмоқда. Пригожиннинг ўзи эса гоҳ Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу, гоҳ собиқ президент Дмитрий Медведевни танқид қилиб, мақом-мартабаси қанчалар баланд эканини писанда қилаётгандек.
Франция президенти Эммануэль Макрон «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкатини «ёлланма жиноятчилар тўдаси» деб атаган. АҚШ бош прокурори Меррик Гарланд Пригожинни «ҳарбий жиноятчи» деб баҳолаган.
2013 йилда хусусий ҳарбий ширкат ўлароқ ташкил этилган «Вагнер»нинг таъсири ошиб бораётгани сири нимада?
Bellingcat, The Insider ва Der Spiegel нашрлари ҳамкорликда ўтказган суриштирув хулосасига кўра, Пригожин ва унинг ҳарбий ширкати Россия разведка идораси билан ҳамкорликда фаолият юритади. Қироллик мудофаа тадқиқотлари бирлашган институти (RUSI) илмий ходими Самуэль Рамани ҳам Euronews таҳририятига берган интервьюсида «Вагнер»нинг Россия бошқарув тузилмалари, хусусан, разведка идорасига алоқадор эканини урғулайди.
«Ширкатнинг ўқув маркази ГРУ (Бош разведка бошқармаси) базасига яқин ҳудудда жойлашган. Бу ҳам Россия разведка хизмати ва «Вагнер» гуруҳи ўртасидаги риштани тасдиқлайди», – дейди С.Рамани.
Таҳлилларга қараганда, хусусий ширкат ниқобидаги «Вагнер» гуруҳи дунё миқёсида Кремль манфаатларини ҳимоя қилиб, унинг таъсирини кучайтиришга хизмат қилади.
«Вагнер»чилар Украинадан ташқари Сурия, Ливия, Мозамбик, Судан, Чад, Мали каби давлатларда жанговар фаолият юритади.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтган йили эълон қилган ҳисоботга кўра, Россия ҳарбий гуруҳи Марказий Африка Республикасида (МАР) ноқонуний қатл ва зўравонликларни амалга оширган.
Эксперт Самуэль Рамани биргина Украинада ҳарбий ширкатнинг 50 мингга яқин ёлланмаси аъзоси жанг қилаётганини айтади. Айни чоқда, у Бахмутдаги жиддий талафотлар ва ёлланма жангчи топиш мушкуллашгани ортидан Украинада «вагнер»чилар сафи анча сийраклашганини таъкидлайди.
Аввалроқ АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши воизи Жон Кирби ҳам Украинада «Вагнер»нинг 50 мингга яқин аскари жанг қилаётганини маълум қилган эди. Уларнинг 10 минг нафари шартнома асосида фаолият юритаётганлар, 40 минг нафари эса озодлик ваъдаси билан қамоқхоналардан келтирилган маҳкумлардир. Пригожин Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар учун ойига 100 миллион доллар сарфламоқда.
1961 йилда Санкт-Петербургда туғилган Е.Пригожин ўтган асрнинг 80-йилларида бир муддат қамоқда ўтирган. Озодликка чиққач, бизнес фаолиятига киришган, хусусан, юқори мартабали мулозимларга таом етказиш билан шуғулланган. Шу тариқа «Путиннинг ошпази» деган ном билан танилган. В.Путин 2018 йили АҚШнинг NBC телеканалига берган интервьюсида Пригожин билан шахсан таниш эканини тасдиқлаган, аммо унинг давлат тузилмалари билан алоқаларини рад этган.
Қироллик мудофаа тадқиқотлари бирлашган институти илмий ходими Самуэль Рамани фикрича, Пригожиннинг куч-қудрати ва таъсир кўлами айнан Путин билан кўп йиллик дўстлик сабаб ошиб бормоқда.
Жорий йил март ойида президент Путин Россия қуролли кучларига кўмак берувчи кўнгилли тузилмаларни обрўсизлантириш учун жавобгарлик кўзда тутилган қонунни имзолади. Унга кўра, кўнгиллиларнинг ҳарбий тузилмаларини обрўсизлантириш учун 15 йилга қадар озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков «Вагнер» ширкати ҳам кўнгилли тузилма сирасига киришини қайд этган.
Е.Пригожин Украина урушига аскар ёллаш учун жазони ижро этиш муассасаларига шахсан ўзи бориб тарғибот ўтказиб келади. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари таъкидича, бу жараёнда маҳкумларнинг мушкул ҳолатидан фойдаланиб уларга босим ўтказилади. Шунга кўра бу амалиётни тўхтатиш талаб қилинган.
Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ хулосасига қараганда, тадбиркор Пригожин Украинада ёлланма аскарлар сонини кўпайтириш орқали Путин билан янада яқин муносабатда бўлиш ва Кремлда ўз таъсирини оширишга уринмоқда.
Пригожинга қарши АҚШ (2016), Европа Иттифоқи ва Буюк Британия (2020), Канада, Япония (2022) санкция жорий қилган.
АҚШ давлат департаменти Пригожин ва унинг қўл остидаги 12 ходим ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилган. Расмий Вашингтон уларни АҚШдаги сиёсий жараёнларга аралашув орқали мамлакатга зарар етказишда айбламоқда.
Федерал тергов бюроси эса Пригожинни қамоққа олишга кўмак учун 250 минг доллар тўлашга тайёр.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter