Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қамчиқ»да янги туннель очилиб, «Тошкент-Андижон» пуллик автомобиль йўли қурилади

«Қамчиқ»да янги туннель очилиб, «Тошкент-Андижон» пуллик автомобиль йўли қурилади

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда рақобатни кучайтириш учун фуқаро авиацияси бозорига янги ташувчиларни жалб қилиш, «Uzbekistan Airways»ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи кўриб чиқилгани хабар қилинди.

Қайд этилишича, пандемия даврида темир йўл орқали юк ташишга талаб кескин кўпайган. Хусусан, халқаро юк ташувларида темир йўлнинг улуши 75 фоиздан 87 фоизга ошди. Бу хизматлар сифатини яхшилаш ва таннархни тушириш орқали мижозларни кўпайтириш учун яхши имконият.

Лекин, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тизимида асосий воситаларнинг эскиргани, жамият таркибида носоҳавий активларнинг кўплиги асосий фаолиятни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Шу боис, «Ўзбекистон темир йўллари» таркибидаги носоҳавий корхоналарни оптималлаштириш, тарифларни шакллантириш механизмларини такомиллаштириш, вагон ва локомотив паркини янгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда автотранспортда халқаро юк ташувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги уч йилдаги ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда халқаро юк ташувчи транспортлар сони 3 баравар ошди, юкларни ташишда маҳаллий корхоналарнинг ташқи савдодаги улуши 37 фоиздан 48 фоизга етди.

Маҳаллий ташувчиларнинг қатновлар сонини янада ошириш, ташқи савдода уларнинг улушини 60 фоизга етказиш чора-тадбирлари белгиланди. Битта юк транспорти беш нафаргача аҳоли бандлигини таъминлаши, бу тармоқда 30 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ички йўналишларда қатнайдиган автобусларни янгилаш, бундай корхоналарни барқарор молиявий ресурс билан таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари ички йўллар масаласига алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳолати ёмонлиги, одамлар бундан норози эканини қайд этди. 80 минг километр ички йўлларни реконструкция қилиш, бу борада бутун дунёда қўлланиб келинаётган «фойдаланувчи тўлайди» тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

«Қамчиқ» довонида муқобил туннель қурилишини ўз ичига олувчи «Тошкент-Андижон» пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.

Мутасаддилар транспорт соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ҳисобот берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг