Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қалампир бизнеси»нинг аччиқ оқибатлари

«Қалампир бизнеси»нинг аччиқ оқибатлари

​Фермерлар аччиқ қалампир экинининг сердаромад ва экспортбоп экани ҳақидаги маълумотларни эшитиб, қалампирдан мўл ҳосил олиш ва юқори даромадга эга бўлишни ният қилганди. Афсуски, уларнинг бу нияти амалга ошмади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра 2018 йилда Ургут туманидаги 177 фермер хўжалиги аччиқ қалампир етиштирди.

Фермерлар мазкур экиннинг сердаромад ва экспортбоп экани ҳақидаги маълумотларни эшитиб, қалампирдан мўл ҳосил олиш ва юқори даромадга эга бўлишни ният қилганди. Афсуски, уларнинг бу нияти амалга ошмади.

Гап шундаки, мавсум аввалида ургутлик фермер хўжаликлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган «General Manchinery Group» масъулияти чекланган жамияти ўртасида аччиқ қалампир кўчати етказиб бериш бўйича контрактация шартномаси тузилган. Унга кўра, «General Manchinery Group» МЧЖ аччиқ қалампир экилиши режалаштирилган майдонларнинг тенг ярмига (ҳар бир донасини 70 сўмдан) маҳаллий ва қолган қисмига (ҳар бир донаси 100 сўмдан) чет элдан келтирилган аччиқ қалампир кўчати етказиб бериши керак эди. Бунинг учун жорий йил май ойида банк филиали 177 та фермер хўжалиги ҳисобидан жами 1 миллиард 59 миллион 284 минг сўм пул маблағини кўчат етказиб берувчининг Тошкент филиалидаги ҳисобрақамига кўчириб беради.

Аммо «General Manchinery Group» МЧЖ шартнома шартларини қўпол равишда бузиб, 96 фермер хўжалигига 2 миллион 340 минг дона маҳаллий кўчатни хориждан келтирилган, деб алдаб тарқатган. Оқибатда фермерлар режадаги ҳосилни етиштира олмади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Ургут тумани бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида «General Manchinery Group» МЧЖнинг тумандаги фермер хўжаликларга тегишли бўлган 70 миллион 200 минг сўмлик, кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритгани аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Абдували Худоёров, 
Бош прокуратура ҳузуридаги агросаноат
мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши
устидан назорат қилиш инспекцияси
Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори

Манба: uza.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг