Қаҳрамон ҳайвонлар — одамлардан қутқарилган болалар
ёхуд Маугли, Зузу, горилло Бинти Хуа
«Маугли» мультфилмини, киносини эслайсизми? Балки китобини ўқигандирсиз? Ҳайвонлар нафақат болаларни қутқарган, балки уларни ўз оилаларига олиб кетишган, болалари билан тенг равишда тарбиялаган ва ҳимоя қилган. Шунинг учун ижодкорлар томонидан Маугли каби қаҳрамонлар яратилган.
Бунга бир нечта ҳаётий мисоллар бор:
Нигериялик ота-она ўғли Беллони ўрмонга ташлаб кетишади (улар болани боқа олмаётганликларини айтиб, ўз ҳаракатларини оқлашди). Чақалоқни шимпанзелар олиб кетишади, бола одамлар уни топгунига қадар деярли бир ярим йил ҳайвонлар билан яшайди.
Беш ёшида Траян Калдарар Трансилвания ўрмонларида адашиб қолди. Бир йил ўтди, ҳамма болани ўлган деб ҳисоблайди, лекин тўсатдан у ёввойи итлар тўдаси орасида яшаётгани аниқланади. Маълум бўлишича, аввал кучукчаларидан айрилган она ит болага ҳомийлик қилган.
Ёки бўлмаса ҳиндистонлик болакай Дин Саничар бўри ва унинг 5 боласи билан бирга яшаб, хом гўшт ейди ва фақат тўрт оёқда ҳаракат қилади. Ҳиндистонлик Дин Саничар ёки Марина Чапманнинг ҳикояси баъзида одамлар ҳайвонлардан кўра хавфлироқ эканлигини кўрсатади.
Фактларга мурожаат қилишда давом этамиз:
Маймунлар туфайли омон қолган қизалоқ
1954 йилда тўрт ёшли гўдакни қароқчилар ўғирлаб кетишди ва Жанубий Америка ўрмонларида ташлаб кетишди. Қиз ўлиши керак эди, лекин уни маймунлар асраб олишди. Ўрмонга ташлаб кетилган қизалоқ приматлар билан 5 йил яшади, аммо кейин уни маҳаллий овчи топиб, Боготадаги фоҳишахонага сотди, у ерда қиз 17 ёшга тўлгунча мажбуран ушлаб турилди. Марина қочишга муваффақ бўлди. У ҳозир Буюк Британияда яшайди. Бир неча йил олдин унинг «Исмсиз қиз» таржимаи ҳоли нашр этилди, у ерда у маймунлар билан кечган ҳаёти энг тинч ва бахтли даврларидан бири бўлганини ёзади, яъни ўша пайтда ҳеч бўлмаганда кимдир унга ғамхўрлик қилган. Марина Чапман ҳозир ўз ҳаётини йўлга қўйиб олган, лекин болалигида одамлардан кўп азоб чеккан, у фақат маймунлар туфайли омон қолди.
Одамлар шерлардан хавфлироқ
2005 йилда Эфиопияда 12 ёшли қиз мактабдан уйига қайтаётганида тўрт номаълум киши томонидан ўғирлаб кетилади ва йўлда ақл бовар қилмайдиган воқеа юз берди.
Гуруҳ учта шерга дуч келди. Шерлар ўғриларни таъқиб қилиб қизни қолдириб кетишларига эришди. Полиция ниҳоят қизни топгач, йиртқичлар кетишди. Баъзи экспертларнинг фикрича, шерлар қизга раҳми келган бўлиши мумкин, чунки унинг йиғиси шер боласининг миёвлашига ўхшарди.
«Ўлим тўлқини» билан юзлашган фил
8 ёшли Амбер Оуен 2004 йилда вайронкор сунами содир бўлганида, Таиланднинг Пхукет шаҳрида таътилда бўлган.
Ўлим тўлқини кела бошлаганида, қиз ўзининг севимли фили Нинг Нонгни миниб кетаётган эди. Ҳайвон ўз инстинктига қулоқ тутиб қизни чалқанча олиб, хавфсиз бўлган томонга югурди. Агар Амбер соҳилда қолса, у албатта ўлган бўларди, чунки тўлқин шунчалик кучли эдики, у йўлидаги дарахтлар ва уйларни вайрон қилиб ташлаганди.
Зоопаркдаги Горилла йиқилган болага тегмади
1996 йилда 3 ёшли бола Чикагодаги Брукфилд ҳайвонот боғида гориллалар қўрғонига 6 метр баландликдан тушиб кетиб, ҳушини йўқотган.
Бинти Хуа исмли она горилла жароҳатланган чақалоқни орқасида ўз боласидек кўтариб олди ва уни ўраб турган бошқа ҳайвонлардан ҳимоя қилди. Ажабланарлиси, маймун болани хавфсиз олиб кетишлари мумкин бўлган корпуснинг кириш қисмига олиб борди.
Фермерни ўлимдан олиб қолган эчки
2002 йилда австралиялик Ноел Осборн деҳқончилик билан шуғулланаётганда тасодифан суриниб йиқилади ва сонини синдириб олади. У қимирлай олмасди ва одамлардан жуда узоқда эди, унинг ёрдам сўраб қилган фарёдларини ҳеч ким эшитмасди.
5 кун давомида унинг Мэнди исмли эчкиси ёнидан жилмади, уни иситди, ҳатто совуқ ёмғирли кечаларда ҳам бир қадам кетмади. Бундан ҳам ажабланарлиси, Мэнди Осбурнга оч қолмаслиги учун уни соғишга рухсат берди.
Денгиз мушуги ўсмир йигитни ўлимдан олиб қолди
2000 йилда руҳий касал ва қаттиқ тушкунликка тушган, 16 ёшли Кевин Хайнс Калифорниянинг Сан-Франсиско шаҳридаги Олтин дарвоза кўпригидан сакраб ўз жонига қасд қилишга қарор қилди. Хайнснинг бахтига омон қолди: денгиз мушуги ёрдамга келди, у Хайнсни хавфсиз жойга олиб бориб, қирғоқ қўриқчиси келгунига қадар йигитчани сувда ушлаб турди.
Ҳозирда руҳий касалларнинг адвокатига айланган Хайнс, агар шу жонивор ёрдамга келмаганида чўкиб кетган бўлардим, дейди.
Кит спортчини қутқарди
2009 йилда хитойлик ёш сузувчи Янг Юг аквариум қўриқчилари ўртасида шўнғиш бўйича мусобақада иштирок этди. Сув совуқ, шимолий кенгликдаги денгиз ҳайвонларининг ҳаёти учун мос эди. Синовлардан бири чуқур ҳовуз тубига чўкиш эди. Аммо бу пайт спортчи сув юзига чиқолмаслигини тушунди: совуқдан оёқлари фалаж бўлиб, нафаси тиқилиб қолди. Бирдан ёнига оқ кит сузиб келди. У спортчига нимадир хавф солаётганини тушунди ва уни сув юзасига итариб юборди. Китнинг ёрдамисиз Янг чўкиб кетган бўларди.
Ва ниҳоят ўзимизнинг ЗУЗУ
Юқорида санаб ўтган қаҳрамон ҳайвонлар қаторида Тошкент зоопаркида яшайдиган ўзимизнинг Зузу лақабли қўнғир айиқ ҳам эсланса ва тарихда қолса ажаб эмас.
28 январь куни, соат тахминан 12 ларда ёш аёл номаълум сабабларга кўра одамларнинг кўз олдида кичкина қизалоғини айиқ вольерига ташлаб юборади. Агар айиқ ташлаб юборилган болага худди йиртқич жонивор ўлжага қарагандек муносабатда бўлганида, бу воқеа қай тарзда якун топиши мумкин эди — бу ҳақида ўйлашнинг ўзи даҳшат.
Зузу лақабли Кавказ қўнғир айиғи ўз вольерида ётиб олиб, қизалоқни металл тўсиқдан устидан отиб юборган аёл ҳаракатларини кузатган. Меҳмонлар ва ходимлар уринишларига қарамасдан, аёлни тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмаган. Зузу айиғи секингина зовурга тушиб, қизалоқни ҳидлаб кўрган ва ундан узоқлашган. «Йиртқичлар» бўлими ходимлари тез ҳаракат қилишган ва айиқни ички хонага чақиришни бошлаб, айиқни хонага киритишган. Бола айиқ хонасидан олиб чиқилган ва ҳайвонот боғининг ҳамшираси томонидан кўрикдан ўтказилган. Қизалоқ йиртқич тишлари ва панжаларидан эмас, фақат қарийб 5 метр баландликдан йиқилиш туфайли жароҳат олган. Дастлабки кўрикда урилишлардан ташқари кўзга кўринарли жиддий шикастлар аниқланмаган.
Бу ҳодиса айиқ Зузу инсонларга нисбатан дарғазаб бўлмаган, вазмин йиртқич эканлигини яққол намоён этди.
Зоологлар буни қандай изоҳлайдилар?
Ҳайвонларнинг одамларга ёрдам бериш ҳолатлари кўп, лекин улар нима учун шундай қилишади ёки уларни нима бошқаради? Уй ҳайвонлари учун инсон ўз оиласининг бир қисмидир, шунинг учун улар ўз раҳбарининг ҳимоясига табиий равишда отланадилар. Аммо одамларни камдан-кам кўрадиган ёввойи ҳайвонлар ҳақида нима дейиш мумкин? Уларда ўзаро ёрдам инстинкти бор: табиатда кўпинча турли гуруҳлар вакиллари тажовузкорнинг ҳужумини қайтариш учун бирлашиши мумкин. Масалан, ҳар хил турларга мансуб кичик қўшиқчи қушлар йиғилиб, биргаликда катта калхатни ҳайдаб юборишади. Ҳайвонларнинг одамларга ёрдам беришларига оналик инстинкти ҳам сабаб бўлиши мумкин. Мисол учун, яқинда фарзандли бўлган аёл шундай кучли оналик инстинктига эгаки, у ҳар қандай ҳимоясиз мавжудотга ғамхўрлик қила олади. Бундан англасак бўладики, ҳайвонларнинг ёш болаларни қутқариши, уларни ҳимоя қилиши оналик инстинкти сабаб бўлиши мумкин.
Яъни ҳайвонлар инстинкт томонидан бошқарилади. Ва баъзида бу инстинктлар уларга қийин вазиятга тушиб қолган одамларга ғамхўрлик қилишни «айтиб» туради...
Интернет материаллари асосида тайёрланди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter