Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пхёнчхан олимпиадаси ҳақида қизиқарли 10 та факт

Пхёнчхан олимпиадаси ҳақида қизиқарли 10 та факт

Фото: «Eurosport.de»

1. Жанубий Корея Қишки олимпиадани ўзида қабул қилган Осиёнинг иккинчи мамлакати ҳисобланади. Бунгача Осиёда фақат Япония Қишки олимпия ўйинларига мезбонлик қилган. 1972 йили «Кунчиқар юрт»нинг Саппоро, 1998 йили Нагано шаҳарлари олимпиада ўйинларини ўзида қабул қилган.

2. Пхёнчхан олимпиадасида 84 мамлакатнинг 2900 нафар атлети спортнинг 15 турида рекорд даражада (102 та) медаллар шодаси учун курашади.

3. Пхёнчхан олимпиадаси дастурига 4 та янги спорт йўналиши қўшилди: сноубордда биг-эйр (баланд трамплиндан сакраб, ҳавода турли трюклар кўрсатиш), конькида югуриш спортида масс-старт (умумий стартдан пойгага чиқиш), кёрлингда дабл-микст (аралаш жуфтлик баҳслари) ва чанғи спортида жамоавий баҳслар қўшилди. Сноубордда параллел слалом баҳслари олимпиада баҳсларидан чиқариб юборилди.

4. Жорий ўйинлар иккита давлат ҳудудида жойлашган битта номдаги провинцияда ўтказилаётган илк олимпиада ҳисобланади. Гап шундаки, Пхёнчхан шаҳри Канвондо провинциясида жойлашган бўлиб, мазкур маъмурий ҳудуд 1953 йили Корейс уруши якунлангач, Шимолий ва Жанубий Корея давлатлари томонидан бўлиб олинган.

5. Олимпиада тумори ҳисобланган оқ йўлбарс — Сухоран корейс афсоналарига кўра ишонч, куч ва ҳимоя рамзидир. Sooho — ҳимоя, Rang — «ho-rang-i» (йўлбарс) сўзининг бир қисми. 1988 йилги Сеул олимпидасининг рамзи ҳисобланган амур йўлбарсининг номи Ходори эди.

6. Олимпия шаҳарчасидаги чиройли ва қулай хоналар мусобақа тугагач аҳолига квартира сифатида берилади.

7. Бу сафарги очилиш маросимида бор-йўғи 2000 та кўнгиллилар хизматидан фойдаланилди. Бу олимпиада тарихидаги энг арзон ва кам ишчи кучи қатнашган маросим ҳисобланади. Ташкилотчилар кўргазмали чиқишларда кўпроқ юқори технологиялардан фойдаланишди.

8. Корея ҳукумати томонидан ўйинларга тайёргарлик ва янги қурилган иншоотлар учун 2,4 млрд доллар сарфланди.

9. Олимпия стадиони қурилишига 22 ой вақт ва 105 млн. АҚШ доллари сарфланди. Етти қаватдан иборат бешбурчак шаклидаги комплекснинг ҳар бир бурчаги 2018 йилги олимпиаданинг асосий мақсадларини акс эттиради: маданий, экологик, иқтисодий, тинчлик ва ахборот-технология ўйинлари. Паралимпия ўйинларидан сўнг арена бузиб ташланади ва унинг ўрнида музей ва бошқа кўнгилочар масканлар фаолият юрита бошлайди.

10. Жанубий ва Шимолий Корея терма жамоалари очилиш маросимида бир байроқ остида чиқишди. Шунингдек, бу икки мамлакат аёллар хоккей жамоалари ҳам бир жамоа сифатида олимпия ўйинларида қатнашишмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг