Путинни қайси давлатлар кўпроқ ёмон кўради? Cўров натижалари эълон қилинди
Pew Research компанияси турли қитъалардаги 24 мамлакат фуқаролари ўртасида Россия президенти Владимир Путинга нечоғли ишониш мумкинлиги масаласида ижтимоий сўров ўтказди.
Сўров курраи арз бўйлаб Путинга нисбатан салбий муносабат кучайиб бораётганини кўрсатди. Жами респондентларнинг 87 фоизи Путин юритаётган халқаро сиёсатни буткул ёки қисман рад этган. Польша, Швеция (98 фоиз), Германия (92 фоиз) каби давлатларда ишончсизлик кўрсаткичи энг юқори. Франция, Испания, Швецияда ҳам расмий Москва сиёсатини хушламайдиганлар кўпчиликни ташкил этади.
Таҳлилчиларга кўра, Путинга нисбатан салбий муносабат Украина босқини ортидан кучайган. Масалан, Аргентинада 2019 йили 51 фоиз аҳоли Кремль хўжайинига ишончсизлик билдирган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 74 фоизга етган.
Кутилмаган жиҳат шундаки, Ҳиндистон (59 фоиз), Индонезия (43 фоиз) каби Осиё мамлакатларида Путинни ёқлайдиганлар кўп экани аён бўлди. Ҳолбуки, БРИКС давлатларидан Бразилия (77 фоиз) ва ЖАРда (50 фоиз) салбий муносабат билдирувчилар сафи кенг.
Россия Федерациясига нисбатан салбий муносабат ҳам унинг президентига муносабатга деярли ўхшаш. Бу борада Польша (98 фоиз) биринчи ўринда қайд этилган.
Европанинг Греция (32 фоиз), Венгрия (23 фоиз), Италия (18 фоиз) каби давлатларида рус ўлкасига ижобий муносабат кузатилган.
Ҳиндистон (57 фоиз) ва Индонезия (42 фоиз) Россияга симпатия бораси ҳам етакчи ўринни эгаллаган. Нигерия (42 фоиз), Кения (40) каби Африка давлатлари ҳам Россияга ижобий муносабат юқори экани маълум бўлди.
Сўнгги вақтларда айрим таҳлилчилар Путиннинг курсиси лиқиллаб қолгани ҳақидаги фаразларни илгари сурмоқда.
Аввалроқ россиялик сиёсатшунос Аббас Галлямов Путин ва унинг хос аъёнлари Украина уруши муваффақиятсиз тугаса, хорижга қочишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Ўз даврида Путин командасида фаолият юритган А.Галлямовга кўра, қочиш операцияси “Нуҳ кемаси” деган рамзий ном билан аталган.
Россия собиқ бош вазири Михаил Касьянов Путинга хавфсизлик гарови эвазига ҳокимиятдан кетиш таклифи берилиши мумкинлиги ҳақида айтган. Собиқ бош вазир Хитой Путинни ўз ҳимоясига олиши ва унинг хавфсизлигини кафолатлаши мумкин бўлган ягона давлат эканини таъкидлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter