Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин, Трамп ва Меркелнинг таомномаси таққосланди

Путин, Трамп ва Меркелнинг таомномаси таққосланди

Фото: «elconfidencial.com»

Европа тиббиёт институти мутахассислари Россия президенти Владимир Путин, АҚШ етакчиси Дональд Трамп, Германия канцлери Ангела Меркель ва Испания бош вазири Педро Санчес нима истеъмол қилишини таққослади, деб ёзади «El Confidencial».

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотига кўра, семизлик даражаси Россияда 25,7% ни ташкил этади. Мамлакат президенти 67 ёш бўлишига қарамай, ажойиб қоматга эга, деб таъкидлайди нашр. Владимир Путиннинг кундалик таомномасига ёғсиз гўшт, балиқнинг ёғли ва ёғсиз навлари, мева-сабзавотлар, тухум ва ёрмалар киради. Президент алкоголь ва қайта ишланган маҳсулотлардан ўзини тийишга ҳаракат қилади. Нонушта одатда тўйимли бўлади — омлет ёки хом бедана тухуми, мевалар ва қуруқ мевалар, асал қўшилган гречиха бўтқаси, кечки овқат енгилроқ — сут-қатиқ маҳсулотлари. Мунтазам спорт билан шуғулланиш қоматини яхши ҳолда сақлашга ёрдам беради — сузиш, якка кураш, чанғи ва хоккей.

АҚШда семизлик даражаси 37,3% ни ташкил этади. АҚШ президентида холестерин муаммоси бор, тана вазни индекси (30,4) семизликнинг енгил шаклига тўғри келади. 73 ёшли Дональд Трамп фастфудни хуш кўради, таомномаси тухум ва пишлоқли сэндвич, гамбургер, бекон, қайла, картошка фри, қовурилган қанотчалар, пицца, пишириқлар ва салқин ичимликлардан иборат. Президент алкоголь ичмайди, бироқ кофеинли кока-кола-лайт ва шоколадли коктейлни ёқтиради. Ёшлигида бейсбол ва футбол билан шуғулланган, бироқ ҳозир кам ҳаракат турмуш тарзини олиб бормоқда. Бу омилларнинг бари гиперхолестеринемия ва юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади, деб огоҳлантиради диетологлар.

Германия канцлер (мамлакатда семизлик даражаси — 25,7%) Ангела Меркель 65 ёш бўлишига қарамай, пиёда сайр қилиш ва югуриш йўлакчасида шуғулланишни ёқтиради, бироқ спорт билан мунтазам шуғулланмайди. Меркель немис ошхонасига содиқ — пюре ва қайла билан сосиска, пишлоқли фондю, кечки таомга эса сабзавотларни маъқул кўради.

Испанияда семизлик даражаси 27,1% ни ташкил этади. 48 ёшли мамлакат бош вазирининг қад-қомати яхши ҳолатда. Педро Санчес балансланган Ўрта Ер парҳезига амал қилади, салат, кўкатлар, грилда пишган гўшт ва балиқни кўп истеъмол қилади. У тўйиб нонушта қилади, кўп сув ичади. Санчес, шунингдек, ҳафтасига 3 марта спорт билан шуғулланади, оғир машғулотларни югуриш ва велосипед билан алмаштириб туради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг