Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин Бразилияга ҳам бора олмайди. Сабаб – ўша эски «дахмаза»

Путин Бразилияга ҳам бора олмайди. Сабаб – ўша эски «дахмаза»

Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва россиялик ҳамкасби Владимир Путинни 2024 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтадиган «Катта йигирмалик» (G20) саммитига таклиф қилади. Аммо у Путиннинг ҳибсга олинмаслигига кафолат бермайди. Бу ҳақда Лула да Силва 4 декабрь куни Берлинда маълум қилган.

«У (Путин назарда тутилмоқда – таҳр.) (Рио-де-Жанейрога) келганида ҳибсга олинадими, йўқми? Эҳтимол олинар, эҳтимол олинмас. Буни суд идоралари ҳал қилади», – деган Бразилия президенти.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил март ойида Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путин, шунингдек, болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди.

Бразилия Халқаро жиноий суд таъсис этилишига асос бўлган Рим статутини имзолаган давлатлар сирасига киради. Шунга кўра, назарий жиҳатдан Путин Бразилияга ташриф буюрган тақдирда Жанубий Америка мамлакати ҳукумати халқаро ордер асосида уни қамоққа олиши мумкин.

Жорий йил сентябрь ойида ҳам президент Лула да Силва Россия раҳбари Бразилияга бемалол келиши мумкинлигини айтган, сўнг халқаро маҳкама қарорини асос қилиб сўзидан қайтган эди.

Аввалги ҳолатларни таҳлил қилган сиёсатшунослар Россия раҳбари Бразилияга бормасликни маъқул кўради деган фикрда.

Халқаро жиноий суднинг қарори Путинга жиддий «дахмаза» бўлгани айтилмоқда. У ордер сабаб хорижий сафарлари доирасини кескин чеклашга мажбур бўлди. Кремль хўжайини ўз хавфсизлиги важидан жорий йил сентябрь ойида Ҳиндистон мезбонлигида ўтган G20 саммитида қатнашмади.

Август ойида ЖАРда ўтган БРИКС машваратига боришга ҳам журъат қила олмади.

Яқингача Россиянинг иттифоқчиси бўлиб келган Арманистонга ҳам йўллар ёпилгандек.

Москва билан муносабати совуқлашган Ереван октябрь ойида Рим статутини ратификация қилди. Эндиликда, халқаро нормаларга кўра, Путин Арманистонга ташриф буюрса, Ереван ҳукумати уни Ҳаага судига топшириши керак бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг