Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пробация хизмати иш бошлади: унинг вазифалари нималардан иборат?

Пробация хизмати иш бошлади: унинг вазифалари нималардан иборат?

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги қарори билан Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузурида Пробация хизмати ташкил этилди.

ЎзА мухбири Янги ташкил этилган Пробация хизмати бошлиғи, полковник Маҳамадали Исмоилов билан суҳбатлашди.

– Пробация хизмати – суд ҳукми ёки ажрими билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахслар томонидан жазо ижро этилишини таъминлайди, – дейди М.Исмоилов. –Яъни, ахлоқ тузатиш, мажбурий жамоат ишлари, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган ва шартли ҳукм қилинган шахслар томонидан уларнинг бажарилишини назорат қилади.

Жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.

Энг муҳими, мазкур шахсларнинг ижтимоий мослашувига, ўқиш ва ишга жойлашишига ҳамда уларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилишига кўмаклашади. Шу билан бирга, назоратдаги шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади.

– Пробация хизмати қандай тартибда иш олиб боради ва бу қандай тақсимланади?

– Хизматимиз барча ҳуқуқ-тартибот идоралари каби жиноятларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир этилишига сабаб бўлган омил ва шарт-шароитларни ўрганган ҳолда уларни бартараф этиш бўйича иш олиб боради. Ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларга нисбатан профилактик чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назорат амалга оширилади. Назорат остидагиларнинг қайта жиноят содир этиш хавфи ҳам аниқланади. Бунга йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирлар амалга оширилади. Уларнинг шахси ижтимоий-психологик портретини тузган ҳолда ўрганилади.

Пробация шахсий таркиби шаҳарларда – 100, туманларда – 75 нафар маҳкум ҳисобидан келиб чиқиб тақсимланади. Бу назоратдаги шахслар билан кўпроқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва бартараф этишда қўл келади. Ушбу жараёнда ҳудудий профилактика инспектори, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар, ёшлар ташкилотларининг жойлардаги вакиллари билан манзилли иш олиб борилади.

– Ижтимоий-психологик портрет тузиш ҳақида тўхталдингиз. Бу ким томонидан ва қандай тузилади?

–Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, пробация бўлинмаларида шартнома асосида психологлар фаолият олиб боради. Бунинг учун алоҳида хизмат хоналари ва тренинглар ўтказиш заллари ташкил этилади. Улар назоратдаги ҳар бир шахс билан суҳбат ўтказиб боради. Мутахассис-психологлар фаолияти давомида ва суҳбат ўтказиш чоғида назорат остидаги шахсларга психологик ёрдам кўрсатади. Уларнинг руҳий ҳолати, ҳаётий муаммоларини аниқлайди. Синов даврида ана шу муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар олиб бориш бўйича тавсиялар бериб боради.

Назорат остидаги шахсларнинг ижтимоий-психологик портрети психологик услубларни (суҳбат, кузатув, тест, рангли белги) қўллаган ҳолда тузилади.

– Пробация хизмати фаолияти қайси ташкилотлар билан ҳамкорликни тақозо этади?

– Ички ишлар органларининг пробация хизмати бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, уларнинг қуйи бўғинлари билан ҳамкорликда иш олиб боради. Шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлик қилади.

Зиммамизга юклатилган вазифаларни бажаришда, биринчи навбатда, ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари, жумладан, тергов, профилактика, жиноят-қидирув, паспорт, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, жазони ижро этиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари билан яқин ҳамкорликда ишлаймиз.

Куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг “Олдиндан кўниктириш ва касбга тайёрлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Келгусида мазкур марказлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича тадбирлар режалаштирилмоқда.

Мухтасар айтганда, янги иш бошлаган пробация хизмати ички ишлар органларининг халқимизга муносиб хизмат кўрсатадиган профессионал тузилмасига айланади. Негаки, бу хизмат аслида халқчил тизим. Эндиликда билиб-билмай жиноят содир этган фуқароларга панжа орасидан қаралмайди. Уларнинг тўғри йўл топиши, қайта жиноят йўлига кирмаслиги учун барча чоралар кўрилади. Бунинг учун пробация бўлинмалари педагогика ва профилактика соҳаларида иш тажрибасига эга офицерлар таркибидаги малакали ходимлар билан тўлдирилмоқда.

Пробация бўлинмалари фуқаролар тўсиқсиз кирадиган замонавий биноларга жойлаштирилади. Пробация хизматининг ҳар бир ходими синов муддати берилган фуқароларга ўз вақтида сифатли ёрдам кўрсатади. Уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймайди. Меҳнатига яраша ҳақ олишни, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Президент қарорига биноан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан пробация хизматини самарали ташкил этиш бўйича “Йўл хариталари“ ишлаб чиқилди. Шу асосда хизмат ходимлари зиммасидаги вазифаларни масъулият билан бажаришга киришди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг