Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пригожинга ўлим ҳукми ўқилди – Украина разведкаси

Пригожинга ўлим ҳукми ўқилди – Украина разведкаси

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) «Вагнер» ҳарбий хусусий ширкати раҳбари Евгений Пригожинни йўқ қилиш ҳақида буйруқ олди. Бу ҳақда Украина мудофаа вазирлиги Разведка бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Кирилл Буданов ОАВга берган интервьюсида маълум қилган.

Журналистларнинг президент Владимир Путин ҳарбий исён уюштирган Пригожинни қандай жазолаши хусусидаги саволига жавоб қайтарган Буданов бу борада топшириқ аллақачон берилганини қайд этган.

«ФХХга уни ўлдириш ҳақида буйруқ берилганидан хабардормиз. Улар бу вазифани уддалай оладими? Барини вақт кўрсатади. Ҳар қандай вазиятда ҳам бундай суиқасдлар тез амалга оширилмаслиги аниқ. Уларга (ФХХ ходимларига – таҳр.) тўғри усулларни ишлаб чиқиш ва кенг кўламли амалиётга тайёргарлик учун маълум вақт керак бўлади», – деган Украина мудофаа вазирлиги Разведка бошқармаси бошлиғи.

Аввал хабар берганимиздек, Путиннинг хос одамларидан бири саналган Евгений Пригожин 23 июнь куни мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни топширишни талаб қилган ҳолда ҳарбий исён бошлади.

ФХХ Пригожинга қарши ҳарбий қўзғолон учун жиноий иш очди. Путин «Вагнер» ширкати раҳбарининг ҳаракатини «орқадан пичоқ уриш» ва «хиёнат» деб атади.

Пировардида Беларусь президенти Александр Лукашенко воситачилигида исёнчилар билан сулҳга эришилгани хабар қилинди.

«Вагнер» бўлинмалари ўз лагерларига қайтиши, Пригожин эса Беларусга кетиши ҳақида келишувга эришилган.

Ғарблик таҳлилчилар ҳарбий исён Путин ҳокимиятининг заифлигини кўрсатди деб ҳисоблайди. Шунга кўра айрим экспертлар Путин Пригожинни тирик қолдирмаслиги ҳақида гапирмоқда. Жумладан, АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ раҳбари Дэвид Петреус Пригожин ҳозирча ҳаётини сақлаб қолган бўлса-да, унга суиқасд уюштирилиши муқаррарлиги ҳақида гапирган.

«У янги қўнимгоҳи – Беларусда очиқ деразалар олдида жуда эҳтиёт бўлмоғи лозим», – деб маслаҳат берган генерал Петреус.

Россиялик таниқли журналист Алексей Венедиктов ҳам шундай фикрда.

«Путин Пригожиннинг хиёнатини унутиши ва кечиришига асло ишонмайман. Пригожин қаерда бўлишидан қатъи назар! Чойни ҳам эҳтиёт бўлиб ичгани маъқул», – деб ёзган у.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг