Президентдан Рамазон тухфаси
Инсон ўз уйига эга бўлмагунча, чин ҳаловат нималигини билмайди. Уйли-жойли бўлиш – ҳар бир одамга шахс сифатида улғайиш, ҳар бир оила учун эса соғлом муҳит яратиш имконияти дегани. Бошқача айтганда, уйи бор инсон чин маънода озодликка эришади, у энди майда ташвишлардан баландроқ орзу-мақсадлар сари интилади. Зотан, инсоннинг ҳаётга интилишини, жамиятга, давлатга ва келажакка ишончини мустаҳкамлайдиган бирламчи омил ҳам, ҳар бир оиланинг энг гўзал хотиралари ҳам айнан уй-жой билан боғлиқдир.
Айниқса, бир инсоннинг, бир оиланинг Тошкент шаҳрида ўз уй-жойига эга бўлиши – жуда катта воқеа. Бунинг учун бир инсон неча йиллар давомида тинмай ишлаши, рўзғоридан орттириб, маблағ жамғариши лозим. Чунки пойтахт ўз номи билан пойтахт-да. Бу ерда, табиийки, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан уй-жой нархи анчайин баланд. Боз устига шу йирик мегаполиснинг ўзида муқим бошпанали бўлишни истаганлар кўп.
Президентимизнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Тошкент шаҳридан йўлланаётган мурожаатлар таҳлили ҳам, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида пойтахт аҳолиси муаммоларини ўрганиш бўйича тузилган Республика ишчи гуруҳининг 2018-2019 йиллардаги фаолияти ҳам бу ҳаёт ҳақиқатини керагича исботлаб берди. Шу маънода пойтахтимизнинг барча туманида ижтимоий уйлар барпо қилиниши, айниқса, Сирғали тумани “Чоштепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 30 гектар майдонда 3 минг 696 та хонадонни ўз ичига олган 66 та 7 қаватли замонавий уй-жой қурилиши Тошкент шаҳрида уйсизлик туфайли жуда оғир-мураккаб шароитда иложсиз кун кечириб келган юзлаб ногиронлиги бор ёки якка-ёлғиз инсонлар, сағирликнинг оғир изтиробларини бошидан ўтказган кўплаб фуқаролар, оғир ижтимоий ҳолатларга тушиб қолган хотин-қизларнинг энг бирламчи ҳаётий муаммосини ҳал қилишда ниҳоятда улкан тарихий лойиҳа бўлиш билан бирга, ҳатто энг ривожланган давлатлар тажрибасида ҳам жуда кам кузатиладиган юксак инсонпарварлик намунасидир.
Бир эътибор беринг: 2019 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Тошкент шаҳрида уй-жойга ўта муҳтож, оғир турмуш шароитидаги 300 дан ортиқ инсон доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида уй-жой билан таъминланди, яъни 300 дан зиёд оиланинг энг бирламчи ҳаётий муаммоси ҳал бўлди, ҳар лаҳза оғир тегирмон тошидек елкасида юк бўлиб келган энг катта дард-у ташвиши ариди.
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида муқаддас айём – муборак Рамазон ҳайити арафасида Тошкент шаҳридаги уй-жойга жуда муҳтож, оғир вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бор фуқаролар, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз аёллардан 450 нафарига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги илмий-текшириш институтлари ҳамда олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот олиб бораётган 50 нафар ёш олимлар оилаларига – жами 500 нафар инсонга Сирғали туманининг «Чоштепа» массивидан 1 хонали уй-жойларнинг Президент совғаси сифатида берилиши мамлакатимиздаги юксак инсонпарварлик сиёсатининг, «Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак, одамлар ислоҳотлар натижасини бугун ўз ҳаётида кўриши керак», деган буюк ғоянинг яна бир ёрқин ҳаётий исботи бўлди. Икки кун давомида мазкур массивда 500 та оилага турар-жой билан таъминлангани ҳақидаги сертификатлар, хонадонлар калитларини топшириш маросими ўтказилиши билан Чоштепа чиндан ҳам катта тўйхонага айланди. Тонг саҳардан шом қоронғусига қадар давом этган бу байрам – эзгулик, инсонпарварлик, неча йиллик орзу-умидлар ушалганининг яна бир тантанаси бўлди.
Ҳали Ватанимиз тарихида бўлмаган воқелик – битта массивнинг ўзида 500 та уй-жойнинг Президент совғаси сифатида тақдим этилиши шиддатли тараққиётга эришишнинг, барқарор, кучли ва инсонпарвар жамият барпо этишнинг мустаҳкам замини бўлиб хизмат қилади. Чунки ўз уйига эга бўлган куни инсон янгидан ҳаётга келгандек бўлади, янги уй унга катта марралар сари ниҳоятда кучли илҳом бахш этади, қалбида эртанги кунга, қонунларга ва давлатга ишонч мустаҳкамланади. Шу боис ҳам бир умрлик орзуларига эришган инсонларнинг тили-ю дилида фақат ва фақат шукроналикни, бахтиёрликни, ўз ҳаётидан розилик ифодасини кўриш мумкин.
24 йил аввал мирободлик Зилола Худойбердиева ва турмуш ўртоғининг бошига катта ташвиш тушади: 1995 йилда қайнотаси уларнинг Қуйлиқ-2 мавзесидаги уйини бошқа бировга сотиб юборгач, эр-хотин дастлаб 12 йил давомида ҳали у, ҳали бу қариндошининг уйида яшаб келади, бироқ 2007 йили Зилола Худойбердиеванинг турмуш ўртоғи ҳам вафот этгач, аёл уч фарзанди билан кўчада қолади. Яна 12 йил давомида муқим турар жойнинг йўқлиги, ижарама-ижара сарсон-саргардонликлар, топилган бошпанада кун кечиришлар оқибатида Зилола опа 2018 йили катта фарзандини тупроққа қўяди. Ана шундай тақдирнинг аччиқ синовлари гирдобида қолган бу аёлга осмон олис – ер қаттиқ бир шароитда Президент совғаси сифатида бир хонали уй ажратилиши Зилола Худойбердиева ва икки фарзанди тақдирини буткул ўзгартириб юборди. Бу – уларнинг ҳаётида қийинчиликлар ортидан келган енгиллик, тундан сўнг отган тонгнинг гўзал бир муждаси эди. Уйсизлик ва уйли бўлиш ўртасидаги тафовутни эса бу аёл жуда яхши англайди.
Яккасаройлик 50 ёшли Дилфуза Мадраҳимова оддий ўқитувчи. Ёшларга таълим-тарбия бериш, бир ҳарф ўргатиш машаққатининг ўзи ҳар қандай инсонни ҳолдан тойдиради. Унинг устига 9 йилдан бери ёлғиз фарзанди билан ижарама-ижара юриш азобини ҳам тасаввур қилсангиз, бу аёлнинг чиндан ҳам қирқта жони борлигига амин бўласиз. Бироқ бу аёлни ҳаётнинг ўқилдизига маҳкам боғлаб турган асос – унинг қалбида шу оғир кунлардан қутилиш умидининг чўғдай ёниб тургани, эзгуликка интилиб яшаганида эди, десак, адолатдан бўлади. Мана, неча-неча тонгларни оқартирган дуолар бугун ижобат бўлди. Президентимиз асос солган халқ билан мулоқот тизими Дилфуза Мадраҳимова ҳаётига нур, қалбига ҳаловат олиб кирди. Эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат тантанаси – Рамазон ҳайити арафасида туҳфа қилинган бу турар-жой энди унинг ўз уйи, ўз ўлан тўшаги.
45 ёшли Фотиҳа Латфулина ҳам ногиронлиги бор фарзанди билан кўп йилдан бери уй-жойсиз, баракларда кун кечириб келган. Қавму қариндошидан бир рўшнолик кўрмаган аёлнинг бош уриб борган манзили – Президент Халқ қабулхонаси бўлди. Тошкент шаҳрида ўтказилган оммавий қабулларда ниҳоят унинг муаммосига ижобий ечим топилди. Янги уй Фотиҳа Латфулина ҳаётига янги мазмун, катта мақсадлар олиб кирди.
Яккасаройлик Гулноза Қорабоева турмуш ўртоғи вафотидан сўнг бир фарзанди билан ота уйига қайтади. Бу хонадонда эса улардан ташқари яна икки оила – 6 киши истиқомат қиларди. Янги, замонавий турар жойдан унга ва фарзандига яшаш учун хонадон ажратилиши билан яна бир ғариб кўнгил обод бўлди.
Давлатимиз раҳбари ҳамиша ҳар бир масалага илм нуқтаи назаридан ёндашишни таъкидлаб, олимларга кучли мотивация бериш учун уларнинг турмуш шароитини яхшилашга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Аслида ҳам илм қилиш – игна билан қудуқ қазиш дегани. Олим инсоннинг турмушидан кўнгли тўқ бўлса, ишида унум ва барака бўлади. Бунинг фойдаси эса бутун Ватанга татийди.
Шу маънода куни кеча Сирғали туманининг Чоштепа массивида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги илмий-текшириш институтларида, олий таълим муассасаларида илмий изланишлар олиб бораётган 50 нафар ёш олимлар оилаларига 50 та уйнинг Президент совғаси сифатида тақдим этилгани мамлакатимизда илму маърифат эгалари, билимли инсонлар том маънода қадр топаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу йилги Рамазон ҳайитини ўз уйида нишонлаётган ёш олимларнинг эса илмга иштиёқи, инновацияга интилишини ошириш билан бирга, эл-юртимизга садоқат ва фидойилик билан хизмат қилишга ҳам ундамоқда.
Ўрол Норматов Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг докторанти. Гарчи бу ёруғ оламни кўра олмаса-да, борлиқни қалб кўзи билан англаётган бу йигит халқимиз маънавиятининг азалий ва абадий мезонлари мужассам халқ оғзаки ижодини, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, инсониятнинг болалик қўшиғи бўлган фольклор санъати илмини замон тафаккури ва қарашларига уйғун ривожлантириш йўлида хизмат қилмоқда. 2-гуруҳ ногирони бўлган Ўрол Норматов ва унинг оиласини кўп бора қийнаган катта муаммо – уй-жой масаласи эди, холос. Ижарама-ижара сарсон-саргардон юришлар илм қилиш нари турсин, оддий меҳнат фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши тайин. Шунда ҳам – тинмай ижарама-ижара саргардон юргани ҳолда ҳам эзгулик риштасини маҳкам тутиш, халқимизнинг минг йиллик миллий қиёфаси бўлган фольклор санъатини сақлаш қолиш ва ривожлантириш йўлида хизмат қилиш учун инсон қанчалик кучли, қанчалик руҳан соғлом бўлиши кераклигини англаш қийин эмас. Шу боис Ўрол Норматов ўзи ва оиласига Президент совғаси сифатида берилган янги уй қувончини – Ватан ичра мўъжаз ватанли бўлиш бахтини таърифлаб тугатолмайди.
Савобли ва хайрли амаллар бир-бирига уланди. Катта дастурхон ёзилиб, Чоштепадаги янги массивда илк ифторлик ўтказилди. Дастурхонга ош тортилди. Имконияти чекланган фуқаролар ва уларнинг оилаларига эсдалик совғалари топширилди.
Янги хонадонлар эгаларига эзгу ниятларини улашиш учун келган нуронийлар дуоси, эзгу ният ва орзуларнинг эса ўқтомири битта: бу буюк ва муқаддас Ватанда ҳеч ким эътибор ва ғамхўрликдан бенасиб эмас. Бугун мамлакатимиздаги катта ўзгаришлар палласида ҳар қанча оғир, мураккаб ва машаққатли бўлмасин, муқим бошпанасига эга бўлмаган, айниқса, меҳнатга лаёқати чекланган ва ногиронлиги бўлган одамларнинг уй-жой таъминоти билан боғлиқ муаммолари комплекс ҳал қилинаётгани юзлаб оилалар, минглаб инсонлар қалбига эзгулик, гўзаллик ва меҳр ниҳолларини қадамоқда. Шунда тарих синовларидан ўтган ўша машҳур ҳикмат онг-қалбимизда жаранг сочгандек бўлади: халқ уйли бўляптими, демак, ҳаммаси жойида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter