Президент Хива туманидаги тўқимачилик корхонасига борди (фото)
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи доирасида «Хива кластер» масъулияти чекланган жамиятининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда хомашёни чуқур қайта ишлаб, қўшилган қиймат яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, агросаноатда кластерлар томонидан замонавий корхоналар қурилиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгаймоқда.
«Хива кластер» ҳам Хива туманида шундай фабрика ташкил этди. Туркия, Германия ва Хитойдан илғор ускуналар келтириб ўрнатилди. Ўтган йил ноябрда ишга туширилган корхонада 500 кишининг бандлиги таъминланди.
Корхона йилига 7 минг тонна ип-калава, 4 минг тонна трикотаж мато, 10 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватга эга. Энг муҳими, уларнинг сифати халқаро стандартларга жавоб беради. Шу боис ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилади. Корхонаннинг йиллик экспорт салоҳияти 15 миллион доллар атрофида.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, тикувчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
Иқтисодиёт тармоқларидаги бугунги тенденциядан келиб чиқиб, бу корхонада ҳам энергия тежамкорликка эътибор қаратилган. Масалан, куз-қиш ойларида хоналар ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқ сув ёрдамида иситилади. Натижада катта миқдораги табиий газ тежалади. Шунингдек, мажмуа томларига умумий қуввати 60 кВт бўлган қуёш панеллари ҳам ўрнатилган. Буларнинг ҳисобига маҳсулот таннархи рақобатчиларникига нисбатан паст бўлмоқда.
Корхонада хорижий ҳамкорлар талабига асосан сифат назорати, касб ўргатиш маркази ташкил этилган. Чиқиндиларни қайта ишлаб, фойдаланиш ҳам йўлга қўйилган.
Тўқимачилик кластери ўтган йили қарийб 20 минг тонна пахта хомашёси етиштирган. Шундан 1 минг 545 гектарда томчилаб суғориш йўлга қўйилган.
Умуман, кластер томонидан 2018-2023 йилларда 105 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йиллик 50 миллион долларлик экспорт қуввати яратилган. Кластер жами 800 дан ортиқ йигит-қиз ишламоқда. Жумладан, ҳозирда бошқа корхоналар билан ҳамкорликда ёғ, совун, тухум, сут маҳсулотлари, пойабзаллар каби 20 га яқин товарлар ишлаб чиқарилмоқда.
Президентимиз мазкур кластер тизимидаги истиқболли режалар билан ҳам танишди. Жумладан, янги лойиҳалар ҳисобига пахта етиштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қўшилган қийматли маҳсулотлар олиш, кичик ҳажмли юк машинларини маҳаллийлаштириш мўлжалланган. Шунингдек, яқин йилларда чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш режалаштирилган.
Кластер бу истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали 10 мингдан 30 минггача иш ўрни яратишни мақсад қилиб олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter