Президент қарори: Хориждаги ватандошларга кенг имтиёзлар берилди
Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси; Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Шундай қилиб, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар учун кириш визаларини, шу жумладан, кўп маротабалик ва узоқ муддатли визаларни соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, вақтинчалик яшашга ҳамда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш йўлга қўйилади.
Хориждаги ватандошлар орасида юқори малакали мутахассислар давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилинади.
Давлат ватандошларнинг ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам беради.
Хориждаги ватандошларга ҳам бўш турган бино ва ерлар бериши мумкин. Бунинг шарти — Ўзбекистонда тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга оширишлари лозим бўлади.
Қарорга кўра, юртдошларимизнинг хорижда ўқиши, ишлаши ва бошқа ижтимоий масалалар «Эл-юрт умиди» жамғармаси, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар орқали молиялаштирилади.
Ватандошларга соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролиги берилади.
Хорижий давлатлар фуқароси бўлган ватандошларга Ўзбекистоннинг олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишлари бўйича таълим олишига грантлар ажратилади.
Ватандошларнинг оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда аккредитациядан ўтиши соддалаштирилади.
Ўзбекистон Республикасининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ватандошлар давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирланади.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида давлат томонидан кўрсатиладиган бошқа қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter