Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент ўзбек тилининг нуфузи оширилишини айтди

Президент ўзбек тилининг нуфузи оширилишини айтди

Фото: Масс-медиа фонди

Президенти Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимидаги нутқида давлат тили ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

— Миллий қадриятларимизни янада ривожлантириш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини ошириш, маданият ва санъатни юксалтириш билан боғлиқ вазифалар доимий кун тартибимизда туради, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари шунингдек муқаддас динимиз ғоялари ҳам тарғиб этилишини таъкидлади.

— Муқаддас ислом динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, «жаҳолатга қарши – маърифат» тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият берамиз, — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар тенг ҳуқуқли эканини таъкидлади.

— Сизларга маълумки, Ўзбекистон – улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат.

Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётгани, фидокорона меҳнати билан жонажон Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани айниқса қувонарлидир.

Биз бундай бебаҳо бойлик билан ҳақли равишда фахрланамиз ҳамда давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини, мамлакатимиздаги дўстлик ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлашга йўналтирамиз.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти сифатида шуни алоҳида таъкидлаб айтаман: бизнинг давлат сиёсатимизда бундан буён ҳам барча миллат ва элат вакилларининг миллий ўзлигини, она тили ва маданиятини, дини, урф-одат ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга устувор аҳамият берилади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг