Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент иштирокида тўқимачилик корхонасининг иккинчи босқичига старт берилди

Президент иштирокида тўқимачилик корхонасининг иккинчи босқичига старт берилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги «Sulton teх group» корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги қарори билан тасдиқланган дастурдан ўрин олган бўлиб, давлатимиз раҳбарининг вилоятга аввалги ташрифи чоғида бажарилаётган ишлар ҳақида маълумот берилган эди.

Қисқа вақтда собиқ пахта заводига қарашли қаровсиз ерда замонавий корхона барпо этилди. Швейцария ва Япониядан энг сўнгги русумдаги тозалаш, йигириш ва ўраш ускуналари келтириб ўрнатилди. Биринчи босқичда  ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 300 га яқин одам иш билан таъминланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Польша, Туркия, Эрон, Миср каби ўнга яқин мамлакатга экспорт қилиниб, 50 миллиард сўмлик маҳсулот ички бозорга етказиб берилди.

Корхонада толани тозалашдан тортиб, ўрашгача бўлган барча жараён автоматик тарзда бошқарилади. Бу ердаги лабораторияда тола ва ип сифати назорат қилиб борилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу лабораторияни ҳам кўздан кечирди, ишчилар билан суҳбатлашди.

Президентимизнинг ташрифи чоғида лойиҳанинг иккинчи босқичи – йилига 3 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга тўқув фабрикаси фаолиятига старт берилди.

Умумий қиймати 53 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган корхонанинг навбатдаги босқичларида мато тўқиш, уни бўяш, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Жумладан, тикув маҳсулотлари ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш фабрикаси 2019 йил январь ойида ишга туширилади. Ушбу лойиҳанинг қиймати 3 миллион доллардан иборат бўлиб, ишлаб чиқариш ускуналари Европанинг илғор технологияларидан иборат. Фабрика ишга тушиши натижасида 700 га яқин янги иш ўрни яратилиб, йилига 9 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Эътиборли жиҳати, бугунги кунда корхонада энг самарали иқтисодий тизим бўлган пахта-тўқимачилик кластери ташкил қилинган бўлиб, бунинг учун Қарши тумани ҳудудидан 10 минг гектар ер майдони ажратилган. Яъни, пахта етиштиришдан бошлаб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот қилиб сотишгача бўлган жараён ушбу корхонанинг ўзида амалга оширилади. Бу орқали маҳсулот таннархини арзонлаштириш ва сифатини оширишга эришилади.

Шавкат Мирзиёев корхонанинг кейинги босқичларини ҳам тезроқ ишга тушириш, тайёр маҳсулот турларини ва экспорт географияси янада кенгайтириш, пахта-тўқимачилик кластерини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда Сингапурнинг «Индорама» компанияси томонидан Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида пахта тўқимачилик кластерлари ташкил этиш, мамлакатимизнинг Польша, Эрон Ислом Республикаси, Буюк Британиядаги элчихоналари томонидан Қашқадарё вилоятига хорижий инвестицияларни жалб этиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган режалар тақдимоти ўтказилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг