Президент ифторлик тадбирларида қатнашди

Бугун президент Шавкат Мирзиёев ифторлик тадбирларида қатнашди. Қуйида президент нутқидан айрим иқтибосларни келтирамиз.
"Хабарингиз бор, улуғ ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг Самарқандда барпо қилинаётган муаззам мажмуаси қурилиши ҳам жадал давом эттирилмоқда. Бу ерда буюк аждодимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ва илмий даргоҳлар билан бирга, 10 минг кишилик масжид ҳам бунёд этилмоқда.
Насиб этса, бу йил ана шу икки муҳташам обидани – Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасининг очилиш маросимини барчамиз биргаликда тантанали равишда ўтказамиз.
Халқимизнинг ислом дини ва фалсафасига қўшган бебаҳо ҳиссасини янада теран ўрганиш мақсадида яқинда яна бир муҳим қарор қабул қилдик.
Бу йил мутафаккир аждодимиз, калом илмининг буюк пешволаридан бири бўлмиш Имом Мотуридий ҳазратлари таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаймиз. Жумладан, ул зотнинг Самарқанддаги муборак қадамжолари янада обод қилинади", деди президент.
"Кўпмиллатли жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, турли миллат ва дин вакиллари ўртасида дўстлик ва бирдамликни кучайтириш вазифаси доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг сентябр ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида нуфузли халқаро анжуман ўтказамиз.
“Декларациялар мулоқоти форуми” деб номланган бу йирик тадбир 2022 йили Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган анжуманнинг мантиқий давоми бўлиб, турли диний эътиқод вакиллари ўртасида ўзига хос маърифий мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади",дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Президентга кўра, ўтган йилнинг ўзида кўмакка муҳтож инсонларга 16 триллион сўмлик моддий ёрдам ва нафақалар берилди. Кам таъминланган оилаларга мансуб 51 минг нафар бола боғчага жойлаштирилди, уларнинг 176 минг нафар аъзосига тиббий кўмак кўрсатилди, 182 минг нафари эса ижтимоий хизматлар билан қамраб олинди.
“Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 94 мингга яқин кам таъминланган оилаларга даволаниш, озиқ-овқат, кийим-кечак, коммунал тўловлар билан боғлиқ 130 миллиард сўмлик харажатлар қоплаб берилди.
"Аёллар дафтари” доирасида 3,5 миллион нафар опа-сингилларга 5 триллион 700 миллиард сўмлик ёрдам ажратилди.
“Ёшлар дафтари” жорий этилганидан буён 1 миллион 300 минг нафар эҳтиёжманд ёшларга 1 триллион 700 миллиард сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
"Афсуски, аксарият зиддият ва можаролар айнан ислом дунёсида содир бўлаётгани барчамизни чуқур ташвишга солмоқда.
Нотинчлик ўчоқлари исталган пайтда кенгайиб, бутун-бутун минтақаларга ёйилиб кетиш хавфи тобора ортиб бормоқда.
Мусулмон мамлакатларида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун бирдамлик ва ислом уммати ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Эътиборимиз марказида туриши керак бўлган яна бир масала – бу ёшларимизнинг қалби ва онгини заҳарлашга, ҳаётини издан чиқаришга қаратилган кўплаб таҳдидлар билан боғлиқ" дейди президент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter