Президент ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича йиғилиш ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёев 17 март куни ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти, маҳаллалар ободлиги ва қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ масалалар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Аҳолининг ҳаёт сифатида муҳим бўлган бундай ишлар қамрови кенгайиб бормоқда. Бу йил 1 минг 619 километр ичимлик суви, 521 километр оқова сув тармоқларини тортиш, тизимдаги 162 та иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Буларнинг натижасида 715 минг аҳолига илк бор тоза ичимлик суви етиб боради, 135 минг хонадон оқова тармоғига уланади, 157 минг истеъмолчига замонавий ҳисоблагич ўрнатилади.
Яқинда давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи доирасида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ичимлик суви бўйича 340 миллион евролик 3 та лойиҳа келишилди. Жумладан, Франциянинг “Suez” компанияси Денов, Шўрчи, Сариосиё ва Қумқўрғондаги ичимлик суви таъминотини хусусий бошқарувга олаяпти. Натижада вилоятда марказлашган ичимлик суви қамрови 90 фоизга етиши кутилмоқда.
Оқова тармоғи мавжудлиги қурилиш, саноат ва хизматлар ривожи учун муҳим омил. Уни кенгайтириш учун бюджетдан ҳар йили триллионлаб маблағ сарфланмоқда. Лекин фақат шунга қараб қолмасдан, соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, маҳаллий тадбиркор Осиё тараққиёт банки иштирокида Олмалиқ, Бекобод, Ангрен ва Чирчиқ шаҳрида оқова сув тозалаш иншоотларини қураяпти. Яна бир тадбиркор Андижондаги иккита туманда сув ва оқова хизматларини хусусий бошқарувга олиш ташаббуси билан чиққан.
Шу каби хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш, йирик корхоналаримизнинг халқаро тендерларда қатнашиш имконини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини соддалаштириш бўйича қарор қабул қилинди. Энди тендерларни тезлаштириб, йил якунигача 850 миллион долларлик ишларни бажариш топшириғи берилди.
Яна бир муҳим вазифа – соҳани рақамлаштириш. Бунинг учун Осиё тараққиёт банкидан 125 миллион доллар жалб қилиниши белгиланган. Беш йилда йирик сув иншооти ва магистрал қувурларга 4 минг 800 та “ақлли” ҳисоблагич, 2 минг 800 та телеметрия тизими ўрнатиш кўзда тутилган.
Бу электротехника саноати учун катта бозор экани қайд этилиб, ҳисоблагич ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уларга хизмат кўрсатишни босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.
Иссиқлик таъминоти табиий газ энг кўп сарфланадиган соҳалардан бири. Шу боис 11 март куни бу соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, “Иссиқлик таъминоти” компанияси ташкил этилиб, ҳудудлардаги 23 та корхона унинг таркибига ўтказилди. Кейинги беш йилда иссиқлик тизимларини тиклаш учун 19 триллион сўм йўналтирилади. Марказлашган иссиқлик таъминоти қамрови 37 фоиздан 58 фоизга етади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига кўп қаватли уйлар ҳамда ижтимоий муассасаларда энергия самарадорлигини ошириш бўйича топшириқ берилди. Қайд этилганидек, 9 мингта уй-жой ва бинолар ёпиқ иситиш тизимига ўтказилади. Натижада иссиқлик йўқотилиши 2 баробар, газ истеъмоли 20 фоизга камаяди.
Йиғилишда баҳорги экиш тадбирларига ҳам тўхталиб ўтилди. Ҳокимликлар захирасида турган ерларни ажратишнинг соддалаштириш чоралари белгиланди.
Энди қишлоқ ерларини аукционда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш бекор қилинади. Аукционда сотилмаган ернинг қиймати кейинги савдоларда кунига 10 фоиздан пасайтирилади. Такрорий аукционда битта иштирокчи қатнашса ҳам, ғолиб ҳисобланади. Ернинг 10-20 фоизи чорва учун озуқа экишга чиқарилади.
Ҳозирда 93 мингдан зиёд фермерлар фаолияти тадбиркорлик рейтинги орқали баҳоланаяпти. Энди бу рейтинг ҳосилдорлик, ишчи сони, маҳсулот ҳажми каби мезонлар бўйича алоҳида бўлиши маълум қилинди.
Юқори рейтингдаги фермерларга кредитни қайтмаслик хавфини суғурталаш талаби бекор бўлади. Ер солиғи 3 баробар, фермерлар кенгашига тўланадиган бадал 2 карра камайтирилади. Пахта ва ғаллада меъёрдан кўп ҳосил олганларга 25 фоизгача ерида чорва озуқаси, сабзавот, дуккакли ва бошқа экинларни алмашлаб экишга рухсат берилади.
Президент фармойиши билан эълон қилинган долзарб бир ойлик доирасида маҳаллаларда олиб борилаётган деҳқончилик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида ахборот берилди.
Баҳорда 125 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган. Бунда экин жойларини тўғри танлаш, суғоришни яхшилаш муҳим экани таъкидланди. Жумладан, сув таъминоти оғир маҳаллаларда геомембрана қопламали ҳовузлар барпо этилади.
Ўтган йили тажриба тарзида 208 та маҳаллада “маҳалла-сервис” компаниялари ташкил қилиниб, аҳолига 23 турдаги хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган эди. Энди бу тизим кенгайтирилиб, яна мингта шундай компания тузилади. Хизматлар тури ҳам камида 30 тага етказилади. Хитой тажрибаси асосида 5 минг киши маҳаллага хизмат кўрсатиш бўйича ўқитилади ва 15 минг аҳолининг бандлиги таъминланади.
Бу йилдан 208 та туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимлари таркибида ички йўлларни сақлаш участкалари ташкил қилинди. Уларга қўшимча 5 турдаги махсус техника сотиб олиш учун 700 миллиард сўм ажратилди. Мутасаддиларга ички йўлларни таъмирлаш, маҳаллаларда энергия таъминотини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимларнинг ахбороти эшитилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter