Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Польша Украинага қирувчи учоқлар беришга тайёр

Польша Украинага қирувчи учоқлар беришга тайёр

Фото: Edgar Grimaldo

Польша президенти Анжей Дуда CNN телеканалига берган интервьюсида Варшава Киевга МиГ-29 қирувчи учоқларини тақдим этишини маълум қилди.

«Польша ҳаво кучлари тасарруфида бўлган ва соз ҳолатдаги МиГ-29 самолётларини (Украинага) беришга тайёрмиз», – деди президент А.Дуда. 

Унга кўра, Украина МиГ-29 учоқларидан бемалол фойдалана олади, чунки мамлакатда ушбу русумдаги самолётларни бошқариш тажрибасига эга учувчилар мавжуд.

Польша етакчиси Россия босқинига қарши курашаётган қўшни мамлакатга келажакда F-16 учоқларини топшириш заруратига ҳам урғу берган.

Аввалроқ Словакия мудофаа вазири Ярослав Надь ҳам Украинага совет давридан мерос 11 дона МиГ-29 учоқларини бериш истагини билдирган эди. 

Польша бош вазири Матеуш Моравецкий эса унинг мамлакати Украинага F-16 учоқларини НАТО билан келишувдан кейингина топшира олиши ҳақида баёнот берган. 

Айни пайтда Украина раҳбарияти Ғарб мамлакатларидан жанговар қирувчи самолётлар сўрамоқда.

Аввалроқ АҚШнинг Европадаги қўшинлари собиқ қўмондони, истеъфодаги генерал-лейтенант Бен Ҳожес Ғарб Украинага қирувчи учоқларни тез фурсатда тақдим этса, жорий йилдаёқ Киевнинг қўли баланд келиши, ҳатто Донбасс ва Қримни ҳам қайтариб олишини таъкидлаган эди.

Ғарблик баъзи сиёсатдонлар Украинага қирувчи учоқлар берилиши «қизил чизиқ» экани, яъни бу Москва билан НАТОнинг тўғридан-тўғри тўқнашувга боришини англатишини айтмоқда. Аммо Бен Ҳожес бу нуқтаи назарга қўшилмайди. Унинг фикрича, Киевга қирувчи учоқлар берилиши HIMARS ракета мажмуаси ёки Panzerhaubitze 2000 артиллерия аслаҳасини тақдим этишдан фарқ қилмайди. Собиқ қўмондон ягона «қизил чизиқ» сифатида АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россия билан муҳораба майдонига аскар юбориши эканини уқтиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг