Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Почта қонунчилиги қайтадан кўриб чиқиляпти

Почта қонунчилиги қайтадан кўриб чиқиляпти

Фото: Xabar.uz

Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтган. Унда Сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинган.

Хусусан, сенаторлар янги таҳрирдаги «Почта алоқаси тўғрисида»ги қонунга эътиборини қаратган. Яъни республикадаги почта алоқаси хизматлари бозорининг ривожланиш даражаси ва жаҳон почта алоқаси хизматлари бозори ривожланишининг замонавий тенденциялари ушбу соҳадаги қонунчилик базасини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

«Почта алоқаси тўғрисида»ги қонуни 7 боб ва 41 моддадан иборат. Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида хорижий давлатларнинг почта алоқасини тартибга солиш борасидаги тажрибаларидан фойдаланилган. Жумладан, Озарбайжон, Швейцария, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларнинг қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Умумжаҳон почта иттифоқи актлари ўрганилган.

Почта алоқаси соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширадиган махсус ваколатли орган сифатида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур қонун билан почта алоқаси соҳасида қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси («Ўзкомназорат») амалга ошириши кўзда тутилган.

Хавфли почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш хавфини камайтириш, почта ва курьерлик жўнатмаларининг бутлигини таъминлаш билан боғлиқ хавф даражасини камайтириш мақсадида почта хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан алоҳида нормалар қўшилмоқда.

Шу билан бирга, абонент почта жавонлари кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватларига бу уйлар қурилаётган пайтда қурилиш ташкилотлари томонидан ўрнатилиши, умумжаҳон почта иттифоқи ҳужжатларига мувофиқ белиланган мажбуриятларни Ўзбекистон ҳудудида бажариш учун почта алоқаси миллий операторининг мақоми, мутлақ ҳуқуқлари ва функциялари аниқ белгилаб берилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг