Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда пиёданинг ўлимига сабабчи бўлган автобус ҳайдовчиси 5 йилга қамалди

Тошкентда пиёданинг ўлимига сабабчи бўлган автобус ҳайдовчиси 5 йилга қамалди

Фото: Тошкент шаҳар ЙҲХБ

2023 йил 19 июлда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида «Yutong» автобуси уриб кетган пиёда вафот этгани ҳақида хабар қилинганди. Яккасарой туман судида ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми ўқилди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz» нашри.

Суд ҳужжатига кўра, 19 июль куни соат 16:30 да Бобур кўчасида автобус ҳайдовчиси А.Д. чап тизмага ўтаётганда орқани кўрсатувчи чап ойнага қараб, 2−3 сония тўғри йўлга қарамасдан чалғиб қолган. Шу вақт йўлдан ўтаётганда қатнов қисмида белидан тушиб қолган рациясини олиш учун ўтаётган Г. К.ни уриб юборган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида пиёда олган тан жароҳатлари билан тиббий муассасага олиб борилган. Бироқ тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан у вафот этган.

Судда ҳайдовчи қилмишидан пушаймон эканини ва айбига тўлиқ иқрорлигини, шунингдек, пиёданинг оила аъзоларига 8,3 миллион сўм моддий ёрдам берганини маълум қилди. У суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

Судда жабрланувчининг қонуний вакили ва турмуш ўртоғи А.М. унга 70 миллион сўм моддий ва маънавий зарарларни ундириб беришни ва судланувчи А.Д.га нисбатан қонун доирасида жазо тайинлашни сўраб, кўрсатув берди.

Якунда суд судланувчи А.Д.ни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам вафот этиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.

Унга нисбатан 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташлик белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг саккиз ойи давомида Ўзбекистонда 5772 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган. Уларда 5448 киши жароҳатланган, 1415 киши ҳалок бўлган. Етти ойлик статистикада эса ЙТҲ оқибатида вафот этганлар сони 1115 нафар эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг