Пенсия ва нафақаларнинг ошиши, «прописка» ислоҳоти ва бошқалар… 1 сентябрдан кучга кирадиган ўзгаришлар
Пенсия ва нафақалар индексацияси, «прописка» ислоҳоти, божхона, қурилиш, таълим, маданият соҳасида янги тартиблар – шу ва бошқа янгиликлар ҳақида «Норма» шарҳ тайёрлади.
Пенсия ва ижтимоий нафақалар оширилади
1 сентябрдан қуйидаги энг кам миқдорлар 10%га индексация қилинади:
- ёшга доир энг кам пенсия ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақалар – ойига 513 350 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар – ойига 315 030 сўм;
- пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 262 470 сўмни ташкил қилади.
МҲЭКМ ва БҲМ оширилмайди, улар тегишинча ойига 679 330 сўм ва 223 000 сўм миқдорида қолдирилади.
Нафақа онлайн берилади
1 сентябрдан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида «Ягона ижтимоий ҳимоя реестри» ахборот тизими жорий этилади. Унинг ёрдамида ижтимоий нафақаларни кўриб чиқиш ва тайинлаш жараёнлари онлайн-режимга ўтказилади. Йил якунига қадар тизим бутун мамлакат бўйлаб ишга туширилади.
Қандай солиқ қарзи умидсиз бўлади
Ундирилиши умид қилиб бўлмайдиган солиқ қарздорлигини ҳисобдан чиқаришнинг янги тартиби кучга киритилади. У бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ва нотижорат ташкилотларига татбиқ этилмайди. Ҳужжатда умид қилиб бўлмайдиган солиқ қарздорлиги рўйхати келтирилган, қарзни умидсиз деб эътироф этиш, шунингдек уни ҳисобдан чиқариш ва ҳисобга олиш механизми қайд этилган.
Божхона постларида – «Ягона дарча»
1 сентябрдан божхона чегара постларида «Ягона дарча» ахборот тизими ишга туширилади. У божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспорт доирасида 5 баравар, импорт бўйича эса 2 баравар тежашга имкон беради.
Экспорт темир йўл ташувларига – чегирма
1 сентябрдан экспортчилар учун Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳри ўртасида темир йўлда экспорт юкларни ташиш тарифларига 50% чегирма жорий этилади.
70 млн сўмгача маблағни декларациясиз олиб кириш ва олиб чиқиш мумкин
1 сентябрдан чегара орқали (олиб кириш/олиб чиқиш) декларацияламаган ҳолда олиб ўтиладиган нақд миллий ва хорижий валютанинг чекланган суммаси эквивалентда 70 млн сўмни (илгари – эквивалентда 2000 АҚШ доллари) ташкил этади. Мамлакатдан нақд пулларни олиб чиқиб кетишнинг энг юқори миқдори эквивалентда 100 млн сўмни ташкил этади, бунда жами сумма ёзма тарзда декларацияланади.
Рўйхатга олиш – янги қоидалар бўйича
1 сентябрдан «прописка» тизимида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилади:
а) доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтишда:
- Ўзбекистон фуқароларининг рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 10 кундан 15 кунгача узайтирилади;
- рўйхатга олишни расмийлаштириш муддати 3 кундан 1 кунгача қисқартирилади;
б) янги доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш шарт бўлмайди (автоматик тарзда амалга оширилади);
в) доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампи босилмайди;
г) ҳарбий хизматга мажбурларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш шарт эмас – бу онлайн амалга оширилади;
д) солиқ органларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этганда, уни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатга олишни расмийлаштиришнинг янги тартиби ҳақида батафсил – бу ерда.
Онлайн-аукционлар модернизацияланади
2020 йил 1 сентябрдан:
а) барча аукцион савдолари натижалари QR-код (матрик штрих-код) ёрдамида расмийлаштирилади;
б) «E-IJRO AUKSION» тизимига қуйидаги янгиликлар жорий этилади:
- аукционда мобиль иловалар орқали иштирок этиш мумкин, уларда шахсни мобиль идентификациялаш мавжуд;
- давлат мулкидаги объектларни ижарага олиш ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида тузиладиган икки томонлама электрон шартномалар билан расмийлаштирилади;
- мавжуд савдо лотлари ҳақида батафсил маълумотлар бериладиган электрон каталог ташкил этилади, у Давлат активларини бошқариш агентлиги сайтида жойлаштирилади ва даврий равишда янгилаб борилади.
Пудратчилар – электрон рейтингга
Қурилиш пудрат ташкилотларининг электрон рейтинги сентябрдан жорий этилади. Рейтинг солиқ ва статистика ҳисоботлари маълумотлари, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси маълумотлари бўйича автоматик тарзда шакллантирилади. Рейтинг қурилиш ҳажми ва объектларига қараб тоифаларга табақалаштирилади.
Рейтингда қуйидагилар акс эттирилади:
- иш тажрибаси, ходимлар, шу жумладан малакали ходимлар сони, асосий воситалар ҳажми, олинган даромадлар ва тўланган солиқлар, меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ва бошқа мезонлар;
- қурилиши тугалланган объектлар ҳажми, шаҳарсозлик қонунчилиги ва уларнинг бажарилишидаги қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича мавжуд кўрсатмалар, бошқа мезонлар.
Давлат буюртмасига кўра китоб нашр этиш – давлат харидлари қоидалари бўйича
Эндиликда давлат буюртмаси доирасида босма маҳсулотларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш давлат буюртмалари қоидалари бўйича амалга оширилади (қонун ва низомга қаранг), уларда норезидентлар ҳам иштирок этиши мумкин бўлади. Мазкур тартиб дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқаришга ҳам татбиқ этилади, шунингдек корпоратив буюртмачилар учун ҳам мажбурий ҳисобланади
Тиббий таълимда – янги тартиб
Қуйидаги ўзгартиришлар амалга оширилади:
а) тиббиёт олий ўқув юртларида «Тиббий профилактика ва жамоатчилик саломатлиги» факультети очилади. Бу ерда бакалавриат ва магистратурада санитария-эпидемиологик ва жамоатчилик саломатлиги соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрланади;
б) Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Фарғона тиббиёт олий ўқув юртларида фалсафа фанлари доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш бўйича илмий кенгашлар ташкил этилади.
в) аккредитациядан ўтмаган ҳолда тиббий-санитария ва фармацевтика кадрларининг касбий малакасини узлуксиз ошириш тизимига қуйидагилар киритилади:
- тиббиёт ва фармацевтика соҳасида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот институтлари ва ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари;
- ўқув-симуляция марказлари, шу жумладан мобиль марказлар ҳамда тегишли тиббий-санитария мутахассислиги бўйича илмий даражаларга эга бўлган мутахассисларга эга бўлган нодавлат тиббиёт олий ўқув юртлари ва хусусий тиббиёт муассасалари.
Мактабларда қоғозбозлик камаяди
Янги ўқув йилидан тажриба тариқасида айрим мактабларда қоғоз шаклидаги ҳужжатлардан воз кечилиб, электрон синф журналлари, кундаликлар, дарсликлар, видеодарслар, виртуал лабораториялари ва болаларни электрон ўқитишнинг бошқа воситаларига ўтилади.
Таълим хусусий – ҳужжат давлатники
1 сентябрдан лицензияга эга бўлган хусусий таълим ташкилотлари томонидан кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар берилади. Ҳужжат давлат стандартлари бўйича таълим олган битирувчиларга берилади.
Фонограммасиз концерт учун зал ижараси арзонроқ бўлади
Маданият ва санъат соҳасида қуйидаги қоидалар жорий этилади:
- концерт дастури тўлиқ жонли ижрода ўтказиладиган бўлса, давлат концерт ташкилотлари, маданият саройлари, бошқа муассасаларнинг майдонлари ижараси учун 50%лик чегирма берилади;
- Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган ва оммавий ижро этиш учун мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни хусусий театрларда саҳналаштириш ва ижро этиш мумкин бўлади – муаллифлик гонорарлари ҳар йили Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади;
- давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбасида «очиқ эшиклар куни» ўтказилади, музей буюмлари ва коллекцияларини бепул томоша қилиш мумкин.
Давлат органлари жамоатчилик олдида ҳисобот берадилар
Давлат бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари жамоатчилик олдида ҳисобот берадилар. Уларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар электрон шаклда чоп этилади. Бошқа муассасалар учун ушбу тартиб ҳозирча тавсиявий тусга эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз! Жорий йилда Мустақиллик куни сешанбага тўғри келади, шу муносабат билан:
- 5 кун ишлайдиганлар учун 29 август шанбадаги дам олиш куни 31 август душанбага кўчирилади;
- 6 кун ишлайдиганлар учун 31 август қўшимча дам олиш куни деб эълон қилинган.
Шу тариқа, барча ходимлар кетма-кет уч кун – 30, 31 август ва 1 сентябрда дам оладилар. Бу иш вақти ҳисобида қандай акс эттирилиши ҳақида – бу ерда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter