Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пекин олимпиадасининг «қор муаммоси»

Пекин олимпиадасининг «қор муаммоси»

Фото: «Vesti»

Олимпиада-2022 мезбонлиги учун Хитой билан курашган Қозоғистоннинг асосий қуроли қор бўлганди. Қор албатта бўлишига ваъда берган хитойлик ташкилотчилар якунда ютиб кетишганди.

Пекин — Олимпиадалар тарихида ҳам Ёзги, ҳам Қишки ўйинларга мезбонлик қилаётган илк шаҳар.

Хитой пойтахти оппоқ қиши билан ҳар доим ҳам мақтана олмайди. Айниқса, тоғ-чанғи спорти ўйинлари сифатли ва хавфсиз ўтиши учун жуда мўл қор керак.

Мусобақаларнинг айримлари Пекиннинг ўзида ўтади. Чана-бобслей маркази Хитой яқинидаги 300 метрдан 1200 метргача баландликдаги Яньцин шаҳрида жойлашган. Пойтахтдан энг узоқ (174 км.) кластер — шимоли-шарқдаги Чжанцзякоу миллий чанғи маркази. 800 метрдан 1200 метргача баландликдаги бу жойларда 20 йилдан бери 5 та тоғ-чанғи курорти ривожланмоқда. Чанғичилар айнан шу жойда беллашадилар.

Чжанцзякоуда ўртача ҳисоблаганда қор октябрь ойининг ўрталаридан ёғишни бошлаб, тахминан 150 кунгача эримайди. Йиллик ўртача ёғин миқдори — 465 миллиметр. Қор қалинлиги айрим жойларда бир метрдан ошади. Бироқ иқлим ўзгаришлари шароитида қор қоплами қалинлиги барқарор эмаслиги боисидан ташкилотчилар аввалдан бор умидни сунъий қорга тикишган.

Олимпиадани қор билан таъминлаш учун криосфера миллий лабораторияси бошчилигида ишчи гуруҳи тузилди. Тадқиқотлар ва технологик тестлар ўтказилди. Уч мақсад кўзланди: қорни яратиш, қор билан таъминлаш ва қорни сақлаб туриш.

Булутлардан ёғувчи табиий қор одатда ёғочсимон ёки призматик мураккаб шаклдаги кристаллардан ташкил топади. Унинг қанча узоқ вақт сақланиб туриши қайси ҳароратда ҳосил бўлишига боғлиқ.

«Қорли муз» (сунъий қор) эса зичланган муз зарраларидан ҳосил қилинади ва зичлиги каттароқ: кўпроқ бир ёзни ўтказган қорга ўхшовчи бу қорнинг номи — фирн.

Қорни сақлаб туриш учун синалган усул: қишда ҳаво ҳарорати -3 даражадан паст бўлса, қор навбатдаги қиш келгунига қадар тайёрлаб қўйилади ва фойдаланилади. 2017 йилда Пекин олимпиадаси ташкилотчилари тоғ-чанғи базасида бу усулни синовдан ўтказиб кўрди. Синовлардан сўнг, иссиқликдан ҳимоялаш технологияси ёрдамида, қорнинг 60 фоизини сақлаб қолишга эришишди.

Янги қорга эҳтиёж йўқ, сунъий қор етарлича ишлаб чиқарилган. Ҳатто ҳарорат мусбат бўлганида ҳам қор ясовчи учта мураккаб тизим ишга туширилган. Муаммо қорни сифатли сақлаб қолишда.

«Тоғ-чанғи спорти билан шуғулланувчи спортчилар камида 20 йилдан бери сунъий қорга ўрганиб бўлишди. Сунъий қор стандартга ҳам айланди. Ҳатто FIS (тоғ-чанғи спорти халқаро федерацияси) сунъий қор яратиш тизими  бўлмаса, мусобақаларни ўтказишга рухсат бермайди», — деди «ТехноАльпин» (сунъий қор ясовчи компания) ҳудудий директори Сергей Рагозин.

Хитой «оқ олимпиада»си ўтадиган ҳудуднинг об-ҳавоси кескин ўзгарувчан. Муаммо шунда. Ҳатто сунъий қор устига табиий қор ёғса ҳам сифатга таъсир қилади. Зичлаштириш, қайта синовдан ўтказиш керак. Ёмғир ёғиши эса трасса юзасини яхмалакка айлантириши билан хавфли. Ҳудудда тез-тез кўтарилувчи қум бўронлари нафақат трасса, балки видеорансляция сифатига ҳам салбий таъсирини ўтказиши мумкин.

Қизиғи, Пекин олимпиадасининг тоғ-чанғи мусобақаларида қор ёғмайдиган юртлар — Саудия Арабистони ва Гаитидан спортчилар илк маротаба қатнашади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг