«Paynet» фаолияти тўхтатилмайди, балки аҳолига янада қулай хизмат кўрсатишни бошлайди
Интернет тармоқларида «Ўзбекистонда «PAYNET» фаолияти тўхтатилади» мазмундаги аҳолини чалғитувчи хабарлар тарқалмоқда.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда имзоланган қарорига кўра, эндиликда «UzPaynet» МЧЖ фаолияти тўхтатилмай туриб, Халқ банки тизимида «Paynet» савдо белгиси остида ўз фаолиятини аҳолига янада қулай тартибда давом эттиради.
Бунда, фақатгина «UzPaynet» МЧЖнинг мулкчилик шакли ўзгарган ҳолда, унинг барча мажбуриятлари Акциядорлик тижорат Халқ банки зиммасига ўтказилади.
Гап шундаки, Халқ банки томонидан «Paynet» орқали амалга оширилаётган тўлов тизими янада такомиллаштирилиб, янги замонавий хизмат турлари таклиф этиб борилади.
Хусусан, бугунги кунда, «Paynet» мобил иловаси жорий қилинган бўлиб, аҳолидан кўплаб тўловлар қабул қилиб келинмоқда.
Қайд этиш жоизки, Халқ банки юртимизда энг йирик тармоққа эга, яъни республикамизнинг барча ҳудудларини тўлиқ қамраб олган банк ҳисобланиб, ўзининг 200 га яқин филиаллари ва 3 мингдан ортиқ муассасалари орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда «Рaynet» шохобчалари орқали аҳолига кўрсатилаётган хизматларни эндиликда Халқ банки филиаллари, муассасалари ҳамда «Рaynet» шохобчалари орқали янада кенгроқ, қулайроқ тарзда кўрсатиш имконияти яратилади.
Банк ахборот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter