Пахтадан кўра узум етиштирган афзал — ҳоким ҳаммасини рўй-рост айтди
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка мурожаатнома билан чиқишлар қилмоқда. Бугун Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани ҳокими Холмирза Ниёзов 2020 йилда амалга оширилган ишлар якуни ва 2021 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари бўйича ҳисобот берди.
Олтиариқ санаторийси ҳақида
Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси таркибида 2 та шифохона, 1 та кўп тармоқли поликлиника, 8 та қишлоқ оилавий поликлиника, 5 та қишлоқ врачлик пункти, 17 та бригадага эга 1 та тез ёрдам бўлими ва Санитария эпидемиолик осойишталик маркази аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Коронавирус пандемияси ҳамма учун кутилмаганда рўй берди. Вазият шу қадар жиддий эдики, ҳатто соғлиқни сақлаш ходимлари ҳам бу балога қарши қандай курашишни билмасди. Аммо шунга қарамасдан олтиариқлик шифокорлар ўз вазифасини муносиб бажаришди. Хусусан, Олтиариқ санаторийси Туркиядан келган йўловчиларни карантинга қабул қилди. Улар орасидан 67 кишида касаллик аниқланди. Шифокорлар матонати туфайли уларга керакли ёрдам кўрсатилди.
Эътиборлиси, мана шу карантин туфайли Олтиариқ санаторийси ва унинг ҳудудида чиқадиган шифобахш сув жуда оммалашиб кетди. Туманда аниқланган беморлар ўзимизда даволанди. Улар мана шу санаторийда чиқадиган сувдан ичиб, шифо топишди. Бу ҳам муассаса учун яхши реклама бўлди. Ҳозир санаторийда бирорта ҳам бўш ўрин йўқ.
Сувимизга талаб жуда катта. Масалан, Қирғизистондан йирик қизиқиш бор ва у ерга қадоқланган сувни юк машиналарида экспорт қилмоқдамиз. Бу машиналар қайтишда туман эҳтиёжи учун картошка олиб қайтмоқда.
Коронавирусга қарши кураш ҳамон сусайгани йўқ. Туман санитирия эпидимиология марказига 690 млн.сўмлик ПЗР аппарати олиб келиб ўрнатилди. Шунингдек 148 млн.сўмга вакциналарни сақлаш омбори, 160 млн.сўмга лаборатория биноси таъмирланди. Коронавирус инфекциясини аниқлаш учун 147 млн.сўмлик экспресс тестлар билан таъминланган.
Қишлоқ хўжалиги ҳақида
Олтиариқда 2020 йил давомида 71 млн 663 минг АҚШ доллар, шундан 2 млн 324 минг АҚШ доллар саноат махсулотлари, 69 млн 340 минг АҚШ доллар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилиши белгиланган.
Хозирги кунга келиб 69 млн 270 минг АҚШ доллар, шундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 64 млн 594 минг АҚШ доллар, саноат махсулотлари 4 млн 675 минг АҚШ доллар саноат махсулотлари экспорт амалга оширилди.
Ҳар қандай ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ўзига ҳос жиҳатлари инобатга олиниши лозим. Олтиариқ боғдорчилик ва полиз маҳсулотлари етиштиришда мамлакатда етакчилардан ҳисобланади. Бир гектар пахта майдонида ўртача ҳисобда 1 киши банд бўлса, узум экилса 5 киши иш билан таъминланади. Боз устига пахтага нисбатан полиз ва боғдорчиликдан даромад ҳам яхши бўлади. Хусусан, бир гектар ердан олинган пахта 20 миллион сўмга сотилса, шундан 1 миллиони тоза даромад бўлиб қолиши мумкин. Боғдорчиликдан даромад анча кўпроқ бўлади.
Масалан, Францияда узумнинг данагидан олинадиган ёғга талаб катта. Узум данагининг ёғи парфюмерия учун жуда керакли ва ҳар қанча етиштирилса, талаб мавжуд.
2020 йил учун сув тежамкор технологияларни жорий этиш мақсадида 200 гектар ер майдонида томчилаб суғориш технологиясини жорий этилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 65 гектар ер майдонлари томчилаб суғориш тизимига ўтказилиб 5-10 ц/га ҳосилдорликни оширилишига эришилди.
Бундан ташқари 220 гектар дашт ҳудудидаги ерларга томчилаб суғоришга ўтказилиб, аҳолининг муҳтож қатламига берилди.
Ижтимоий масалалар
Яқин вақтгача ҳам меҳнат муҳожирларига эътибор у қадар катта эмас эди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳозирда бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, ўзимизда иш ўринлари яратиб, хорижга ишлашга кетаётганларни олиб қолишга тарғиб қилмоқдамиз.
Бир мисол келтириб ўтсам: Россияга ишлагани кетган фуқаромиз 6 йилдан сўнг қайтиб келган. У фарзанди 2 ёшлигида хорижга кетган ва 8га тўлгач, қайтиб келган. Айтишича, ўғли уни «дада», дейишга қийналяпти экан. Чунки эсини таниётган вақтда отаси ёнида бўлмаган. Бу ҳам катта муаммо. Биз мана шундай фуқароларимизни Олтиариқда иш билан таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз.
Шунингдек, диний таълим олишда йўлдан адашганларни жамиятга қўшиш учун ҳам бир қатор ишларни амалга оширдик. Тан олиш керак, осон бўлгани йўқ. Бу ўринда ҳам бир мисол келтирсам. Олтиариқлик фуқаромиз йўлдан адашиб, 19 йил жазо ўтаган. Аммо шунда ҳам йўлдан қайтишни истамаган. У билан кўпчилик суҳбатда бўлган, аммо натижага эриша олмаган.
Биз уни машинага ўтказиб, Фарғона шаҳрини кўрсатдик, Олтиариқни кўрсатдик. Қилинган ишлар билан таништирдик. Ўша маҳбус вилоят маркази ва туманимизни кўриб, танимай қолди. Уни тарғиб қилишда давом этдик ва масжидимизга олиб кирдик. У ерда намозхонлар учун шароитларни кўрсатдик. Тахоратхонада иссиқ-совуқ сув бор, ибодат қилиш учун ҳамма шароит яратилган. Шундан сўнг у кўнглидаги ҳамма гапни очиқ айтди: «Мен қайтдим, илтимос, халқимиз, юртбошимиз мени кечирсин», — деб айтди.
Биз уни нафақат жамиятга қайтардик, балки иш топиб бердик ва оилали қилиб, тўйини ўтказдик. Ҳеч бир фуқарони назардан четда қолдирмаймиз.
Мактаблар ҳақида
2004 йилнинг 27 октябрида бўлган бир воқеани айтиб берсам. Туман ҳокими сифатида иш бошлагандим. Йўлнинг четида колонна бўлиб кетаётган болачаларни кўриб, машинани тўхтатдим. Суриштирсам, биринчи синф болачаларни пахта теришга олиб кетишаётган экан. Ҳар бир синфга 30 килограммдан режа қўйилибди.
Ўша вақтнинг ўзида ҳаммасини мактабга қайтариб юбордим. Пахта даласига эса ғўзапоя ўрадиган техника киритвордим.
Биз 25 йил таълим соҳасига эътибор бермадик. Ўқитувчи ва ўқувчиларни нафақат пахта териш, балки чеканкаю чопиққа ҳам олиб чиқдик. Мактабларда сув бўлмасди, оддий нарсаларни ҳам талаб қила олишмасди. Ниҳоят Президент талаби билан бу нарсаларга чек қўйилди. Энди болаларимиз фақат ўқиш билан банд. Ўйлайманки, бу нарса яқин вақтларда ўз натижасини беради.
Таклифлар
Холмирза Ниёзовнинг мурожаатномасидан сўнг олтиариқлик депутат Исақов Абдуллахон таклиф билан чиқди. У туман ҳудудида бўш турган ерда муҳтож оилалар учун уй қуришни таклиф қилди ва мана шу уйлардан 50 тасини ўз ҳисобидан қуриб беришга ваъда берди.
Шу билан бирга депутатлар томонидан тумандаги мактаблар ёнидаги пиёдалар йўлакчаларига светофор ўрнатиш таклифи берилди. Ушбу таклиф мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилиши белгилаб қўйилди.
Маълумот учун: Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатнома билан чиқишлар қилмоқда. Xabar.uz ахборот таҳлилий портали ушбу мурожаатларда кўрсатилган ишлар кўламини ўрганишда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter