Олтиариқда 20 нафар бола овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар тарқалди
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 13-сонли давлат мактабгача таълим массасасининг 20 нафардан ортиқ тарбияланувчиси овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилганига доир хабарлар тарқалди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор ўрганишларга асосланиб, баёнот берди.
«Шу йил 21 октябрь куни соат 11:45 лар атрофида Олтиариқ туманидаги 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир гуруҳ тарбияланувчиларида тана ҳарорати кўтарилиши оқибатида Повулғон оилавий шифокор пунктига мурожаат бўлган.
Суриштирув давомида маълум бўлишича, мазкур боғчада бир кун аввал «Ҳосилжон-меҳржон» байрами ўтказилиб, тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмали стол дастурхони қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, узум, ҳурмо, олма, банан, тарвуз ҳамда турли қандолатлар билан безатилган. Болажонлар эса ушбу егуликлардан тартибсиз равишда истеъмол қилган», дейилади хабарда.
21 октябрь куни оилавий шифокор пунктига бўлган мурожаат асосида 8 нафар бемор туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Дастлабки текширувлар натижасига кўра, уларда овқатдан заҳарланиш белгилари кузатилмаган.
Ҳозир ушбу болажонларнинг умумий ҳолати қониқарли. Тегишли симтоматик даво муолажаларидан сўнг кичкинтойлардан 5 нафарига уйга жавоб берилган.
Шунингдек, шифохонага ётқизилган боғча тарбияланувчиларидан олинган тиббий таҳлил намуналари лабораторияга юборилган. Ҳолат юзасидан мутахассислар томонидан текширув-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter