Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Парламентаризм принципларига содиқлик ифодасидир — Шавкат Мирзиёевнинг нутқига муносабат

Парламентаризм принципларига содиқлик ифодасидир — Шавкат Мирзиёевнинг нутқига муносабат

Фото: «Xabar.uz»

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида дунё жамоатчилиги диққат-эътиборини барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини янада ошириш масаласига қаратди.

Мазкур ғоятда муҳим омил давлатимиз раҳбари томонидан барқарор тараққиёт, самарали бошқарув, демократия ва парламентаризм анъаналарининг ўзаро боғлиқ қадриятлар сифатида муносиб эътироф этилаётганлигини кўрсатади.

Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда парламентлараро ҳамкорлик халқаро муносабатларнинг ғоятда муҳим ва ажралмас қисмига айланиб улгурди. Замонавий парламентлар ҳамда уларнинг кўп сонли минтақавий ва халқаро ташкилотлари давримизнинг энг мураккаб муамоларини бартараф этишга ҳар қачонгидан ҳам кенгроқ жалб этилмоқда.

Парламентлар анъанавий қонун ижодкорлиги, вакиллик ва назорат функцияларидан ташқари ташқи сиёсат ва халқаро масалалар, шунингдек, барқарор ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт, уруш ва тинчлик масалалари, иқлим ўзгаришлари, глобал пандемия ва юқумли касалликларга қарши кураш каби умумжаҳон тараққиётининг энг кескин муаммоларини ечишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, дунё парламентарийларининг Парламентлараро Иттифоқ етакчилигидаги демократия ва парламентаризм принципларини тарғиб қилиш, инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, самарали бошқарув ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари БМТ томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Глобал тараққиёт дастурларида белгилаб қўйилган оламшумул мақсадларга эришишда Парламентлараро Иттифоқ шафелигида парламентарийлар билан умумий интилишларни жипслаштириш айниқса муҳим.

Барқарор тараққиёт йўлида мазкур икки нуфузли ташкилот ўртасидаги изчил ҳамкорликнинг кучайиши халқаро муносабатларда парламент омилининг янада юксалишига, парламентларнинг халқаро жараёнларнинг ўзига хос фаол иштирокчисига айланишига хизмат қилади.

Президентимиз, шунингдек, барқарор тараққиётни таъминлашда парламентлар ҳамда халқаро парламент институтларининг ўрни ва ролини оширишга қаратилган БМТ махсус резолюциясини қабул қилиш вақти келганлигини алоҳида таъкидлади.

Ҳеч шубҳасиз, глобал қарорлар қабул қилиш жараёнларида парламентларнинг ўрни ва ролининг ўсиши уларнинг ечимига фавқулодда туртки беради. Қолаверса, бу халқаро ҳамжамият томонидан илгари сурилаётган энг олий мақсад ва қадриятларга руҳига муштаракдир. Мамлакатимизнинг умумэътироф этилган инсон ҳуқуқлари, демократия ва парламентаризм принципларига содиқлигини ва сиёсий прагматизмининг яққол намоён этади.   

Бинобарин, парламент дипломатияси низо ва зиддиятларни сиёсий мулоқот воситасида ҳал этиш, бир-бирини тўғри тушуниш, оддий инсонлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, демократия ва парламентаризм бирдамлигини қўллаб-қувватлашнинг муҳим воситасидир.

Президентимиз томонидан парламентлар ҳамкорлигининг долзарблиги ва қонун чиқарувчи органларнинг аҳамиятини оширишга қаратилган ташаббуси нафақат оригинал ва ўзига хослиги билан, балки замонавий глобал талабларни инобатга олгани билан ҳам дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотди.

Отабек Найимов,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг