Паркинсонга чалинган беморларга эркин ҳаракатланиш имконини берувчи имплант яратилди
Паркинсон ташхиси қўйилган беморлар эркин ҳаракатланиш, юриш ва мувозанатни сақлашга қийналади. Бу борада уларга энг яқин кўмакчи — дори-дармонлар. Бироқ препаратларнинг ҳам таъсир кучи ва муддати чегараланган. Ана шу муаммога самарали ечим излаган Швейцария олимлари янги технология яратишга муваффақ бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ихтиро беморларнинг йиқилмай юриши ва мувозанатни йўқотмай ҳаракатланишини таъминлайди. Янги технология орқа мия импланти бўлиб, у хасталикка чалинган организмга ўрнатилади. Қурилма мия фаолиятига тақлид қилиб, мушакларга электр импульсларини юборади.
Тажрибада иштирок этган илк бемор — италиялик Мишел Роккати автоҳалокат туфайли умуртқа поғонаси жиддий шикастланган. Шундан буён мустақил ҳаракатлана олмайди.
Беморда клиник синов муваффақиятли ўтди. У энди танасига ўрнатилган имплант ёрдамида бемалол ўрнидан туриб, тахминан икки соат, яъни дам олмасдан бир километр масофага юра олади.
Навбатдаги бемор — Марк Готиер йигирма йилдан бери Паркинсон касаллигидан азият чекиб келади. Юқори технологик операция ёрдамида унга имплант ўрнатилгач, аввал мувозанатни сақлаш, кейинроқ 6 километргача масофани босиб ўтиш қобилиятига эга бўлди.
Олимлар мазкур қурилма келгусида умуртқа поғонаси оғир жароҳатларидан қийналаётган ҳамда Паркинсонга чалинган беморларга тик туриш, юриш ва спорт билан шуғулланиш имконини беришига ишонч билдирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter