Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пандемия ўз-ўзидан чекинмайди: Европада ўлим ҳолатлари 4-5 карра ошиши кутилмоқда

Пандемия ўз-ўзидан чекинмайди: Европада ўлим ҳолатлари 4-5 карра ошиши кутилмоқда

Ҳанс Клюге.

Фото: «Channel 4»

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европада коронавирусдан ўлим ҳолатлари 2020 йилнинг апрелига нисбатан 4-5 карра ошишидан огоҳлантирди.

Ташкилот расмий сайтида ЖССТнинг Европа минтақаси бўлими раҳбари Ҳанс Клюге ҳозир Европада коронавирус билан касалланиш 2-3 карра ошгани, ўлим ҳолатлари эса 5 мартага камайганини маълум қилди. Клюге айни ҳолатни тест олишлар сони ошгани, касаллик оғир ҳолатга кам учровчи ёшларда кўпроқ аниқланаётгани билан изоҳлади.

Бироқ, таъкидлади у, ҳозир турли ёш вакиллари гавжум ёпиқ иншоотларда кўпроқ вақтини ўтказаётгани ўлим ҳолатлари кўпайишига замин яратади.

«Эпидемиологик моделларга асосланган прогнозлар умид учқунларини сўндирмоқда. Чекловларнинг узоқ муддатга кучсизлантирилиши оқибатида 2021 йилнинг январига бориб кунлик ўлим ҳолатлари 2020 йилнинг апрелидагидан 4-5 баравар юқори бўлади», — деди Ҳанс Клюге.

Клюге Европанинг аксарият мамлакатлари яна қаттиқ карантинга кириши тарафдори.

«Биз доим таъкидлаб келган нарса бўлди: пандемия ўз-ўзидан чекинмайди, ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда», — қўшимча қилди ЖССТ вакили.

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, ниқоб тақиш, одамларнинг бир жойда тўпланишининг олдини олиш каби оддий чоралар 53 мамлакатда 281 минггача инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини бераркан.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг