Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзсаноатқурилишбанкда трансформация: Бухорода мижозларга хизмат кўрсатишнинг янги тизими ишга туширилди

Ўзсаноатқурилишбанкда трансформация: Бухорода мижозларга хизмат кўрсатишнинг янги тизими ишга туширилди

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк.

Жорий йилда Ўзсаноатқурилишбанк томонидан трансформация жараёнларининг сўнгги босқичи ўз якунига етказилмоқда. Куни кеча Банк Бошқаруви аъзолари, Халқаро молия корпорацияси экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Бухоро шаҳрида ўтказилган анжуман ва пресс-тур давомида Бухоро минтақавий филиалида трансформация доирасида ишга туширилган мижозларга хизмат кўрсатишнинг янги тизими тақдимоти ўтказилди.

Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонида банкларнинг самарали инфратузилмасини яратиш ва фаолиятини автоматлаштириш, универсал хизмат кўрсатиш нуқталари тармоғини ривожлантириш, аҳоли ва кичик бизнес учун масофавий хизматларни кенг жорий қилиб, кредитлашни фақат бозор шартлари асосида амалга ошириш каби муҳим вазифалар белгиланди.

Бир неча йилдан буён Ўзсаноатқурилишбанк тизимида Халқаро молия корпорацияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари кўмагида олиб борилаётган кенг кўламли трансформация жараёнида фармонда қайд этилган ушбу вазифаларга устувор аҳамият берилди. Банкнинг бизнес модели тубдан ўзгартирилди, барча ишлар мутлақо янги стратегия асосига бунёд этилмоқда.

Бугунга келиб мижозга йўналтирилганлик тамойили асосида иш фаолияти бутунлай янгидан ташкил этилган Бухоро минтақавий филиали мисолида бу борадаги ишлар салмоғи ва самарадорлигини кўриш мумкин.

Хусусан, фақат мижозларга хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган фронт офис иши аҳолига ҳар жиҳатдан манзур бўлиб, филиалда иш унумдорлигини бир неча бараварга орттирди.

Кредит ажратиш тезкорлиги юридик шахслар учун 2,6 баробарга, жисмоний шахслар учун эса 1,6 баробарга оширилиб, чакана мижозлар сони 1,7 баробарга ўсди. Ходимларнинг уларга тегишли бўлмаган вазифаларни бажариш ҳолатлари камайтирилди. Банк маҳсулотлари сони 1,5 баробарга кўпайди.

Тармоқ сотувини бошқариш ва қўллаб-қувватлаш марказлаштирилди.

Илгари ҳар бир филиал ўзига тегишли Банк хизматлари марказлари ва чакана кассалари тармоғини бошқарган бўлса, ҳозирда барча тармоқлар бошқаруви минтақавий филиал зиммасига ўтказилиб, қуйи филиаллар фақат мижозлар билан ишлашга бириктирилди.

Банк маҳсулотларини сотиш билан боғлиқ бўлган барча вазифалар марказлаштирилди.

– Филиалда хизмат кўрсатиш сифатини оширишда, айниқса, бизнес натижаларига асосланган каскадли рағбатлантириш тизимининг жорий этилганлиги кўпроқ самара бермоқда, – дейди Банк маҳсулотларини сотиш ва тармоқларни мувофиқлаштириш департаменти директори Баҳодир Низомов. – Бу борада фронт-офисдаги ҳар бир ходим учун унинг вазифалари билан боғлиқ ҳолда рағбатлантиришнинг янги тизими ишлаб чиқилди. Аввал бутун филиал учун режа тузилган бўлса, ҳозир ҳар бир ходим ўз шахсий режасига эга. Шу асосда ҳар чорак якунига кўра, сотув ва хизмат кўрсатиш бўйича юқори натижага эришган ходимлар алоҳида рағбатлантирилмоқда.

Шунингдек, филиалда мижозларга мижозбай хизмат кўрсатиш тизими жорий этилди. Бу билан мижозларга индивидуал хизмат кўрсатувчи менежерлар доираси шакллантирилди. Хусусан, чакана бизнес блокига 3 нафар, потенциал мижозлар учун 7 нафар, юридик шахслар учун 3 нафар, корпоратив мижозларга 1 нафар менежер тайинланди. 9 нафар бизнес менежери ва яна шунча универсал сервис менежери, 5 нафар офис ва 12 нафар хизмат менежери ишга жалб қилинди.

Трансформациядан олдин ходимлар томонидан тор йўналишли мутахассис сифатида “бир ходим – битта маҳсулот” тамойилига мувофиқ, хусусан, кассанинг ҳар бир ойнасида битта операция бўйича (валюта айирбошлаш, пул ўтказмаларини қабул қилиш, коммунал тўловлар) хизмат кўрсатилган.  Бу ҳолат мижозларга қатор ноқулайликлар туғдиргани ҳам бугун ҳеч кимга сир эмас.

Трансформациядан сўнг, кассалар фаолияти универсаллаштирилди. Нақд пулли операцияларни навбатларсиз қабул қилиш мақсадида чакана бизнес мижозлари учун пул ўтказмалари, омонатларни расмийлаштириш, барча турдаги карталар ва СВИФТ операциялари учун «яшил йўлак» ташкил этилди.

Ходимларнинг асосий фаолияти сотувга йўналтирганлиги натижасида хизмат кўрсатиш тезлиги 1,5 бараварга оширилди.  

Юридик шахслар учун валюта билан ишлаш, ҳисоб рақам очиш, кредит, операцион хизматлар ва тўловлар бўйича тоифаланган ходимлар жамоаси янги тизимга кўра, бизнес менежерлар жамоасига алмаштирилди.

Банкда ўқишдан олдин тест ўтказиш тизими бўйича жорий қилинган ўртача билим даражаси 41 фоиздан 73 фоизгача оширилди.

IT дастурлар замонавий моделга мослаштирилди, модернизация қилинди.

– Бугунги кунда мижозларимиз базаси ва мижозлар билан муносабатларимиз рақобатбардошлигимизни таъминловчи асосий устунлигимиз ҳисобланади, – дейди Бошқарув раиси ўринбосари Шохпур Гултўраев. – Буни янада ривожлантириб бориш мақсадидамиз. Бунинг учун мижозларнинг ҳақиқий эҳтиёжларини аниқлаб, янги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқишга, бу борада ҳар бир мижоз талаб ва хоҳишларига индивидуал ёндашишга ҳаракат қилаяпмиз.

Мухтасар қилиб айтганда, трансформация жараёнларининг якуний босқичи амалга оширилаётган Ўзсаноатқурилишбанк филиаллари тармоғи бутунлай ислоҳ этилмоқда.

Энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармонида қайд этилганидек, банк тизимини ислоҳ қилиш даврида аҳолининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, йирик корхоналар ва тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда кенг миқёсли  механизм яратиш ҳамда банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлашга муносиб ҳисса қўшилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг