Ўзсаноатқурилишбанк молиявий кўмагида Риштонда кулолчилик маркази барпо этилмоқда

Ўзсаноатқурилишбанк молиявий кўмагида Фарғона вилоятининг Риштон туманида 20 нафар кулол-ҳунарманд учун кулолчилик хонадонлари ва музей-галереялар барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. Мажмуа ишга тушса, ҳудудда қўшимча 130дан зиёд иш ўрни яратилади.
Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида юртимизда ёшлар, аёллар ҳамда аҳолининг кам таъминланган қисмини миллий ҳунармандчиликка кенг жалб қилиш ва шу орқали уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида қатор тижорат банклари зиммасига устувор вазифалар юклатилган.
Хусусан, Ўзсаноатқурилишбанк мутасадди ташкилотлар билан бирга Риштон кулолчилик мактаби тажрибасини республика миқёсида кенг тарғиб этиш, уни «Устоз-шогирд» анъаналари йўналишида ривожлантириш, бу борада соҳага доир лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва молиялаштириш бўйича масъул муассаса этиб белгиланган.
Айни пайтда Банк тизимида ушбу топшириқларни самарали ижро этиш йўлида фаол ишлар амалга оширилмоқда. Бош банкда янги тузилма – Кулолчиликни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташкил этилди, минтақавий филиалларда масъул ходимлар тайинланди, вилоят ва туманлар ҳокимликлари билан яқин ҳамкорликда «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, дастлабки ишлар бошлаб юборилди.
Жумладан, Фарғона вилояти Риштон туманида 20 нафар кулол-ҳунарманд учун ҳар бири 462 кв. метр ўлчамли, икки қаватли (шундан биринчи қавати устахона ва савдо дўкони) кулолчилик хонадонлари ва музей-галереялар қуриш ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун вилоят ҳокимлиги қарори билан ҳудуддаги 1,1 гектар ер майдони Риштон туман ҳокимлиги захирасига ўтказилди. Мажмуа қурилишига жами 12 млрд. сўмлик инвестиция киритиш ҳамда уни 4-5 ой давомида битказиб, фойдаланишга топшириш белгиланди.
Шунингдек, Банк томонидан «Ҳунарманд» уюшмаси ҳамда вилоят ҳокимликлари билан биргаликда республикамизнинг яна 30 та шаҳар ва туманларига Риштон кулолчилик мактаби тажибасини олиб кириш, бунинг учун умумий қиймати 25,1 млрд. сўмлик 60 та лойиҳани амалга ошириб, пировардида, 400 га яқин иш ўрнини барпо этиш режалаштирилган.
Ҳозирда ушбу йўналишда тасдиқланган тармоқ жадвалга асосан 23 та лойиҳа бўйича қарийб 960 млн. сўм ҳажмида кредит маблағи ажратилди, Риштон кулолчилик мактаби тажрибаси бўйича маҳорат дарсларини ўтказиш учун 4 нафар уста-кулол вилоятларга бириктирилди.
Банк Ахборот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter